ССВ: Вазир катталар ва болалар гемотологик марказлари ҳудудидаги янги иншоотлар қурилиши билан танишди

ССВ: Вазир катталар ва болалар гемотологик марказлари ҳудудидаги янги иншоотлар қурилиши билан танишди

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ўтган ҳафта охирида пойтахтимиздаги қатор тиббиёт муассалари фаолияти, уларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишгани ҳақида хабар берган эдик.

Вазир Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказини кўздан кечириш жараёнида уларнинг ҳудудида барпо этилаётган иккита асептик корпуслар қурилиши билан ҳам яқиндан танишди.

Мазкур иншоотлар иккита 5 қаватли бинодан иборат бўлиб, болалар ва катталар учун мўлжалланган. Ҳар бир корпус 14 та трансплантация, 14 та реанимация ўринлари, 4 та операция хонаси, молекуляр-генетик ва клиник лабораториялардан иборат бўлади.

Вазир қурилиш жараёнида режадаги ишларни вақтида якунлаш учун график асосида фаолиятни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Шундан сўнг вазирлик масъуллари Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳудудида қурилган яна бир объект – нур терапияси бўлимини кўздан кечирди. Бинода олиб борилаётган монтаж ишларини тезлаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, муассаса ҳудудида рентген, МРТ, МСКТ бўлимлари, болалар ва катталар марказлари учун алоҳида 2 та ҳостел бинолари ҳам барпо қилинмоқда.

Ушбу ҳостеллар узоқ ҳудудлардан келган беморлар ва уларнинг яқинлари учун мўлжалланган бўлиб, бу ерда кундузги стационар шароитида даволанаётганлар учун шароит ва имкониятлар ҳам яратилади.

Вазир бинолар қурилиши билан танишар экан, уларнинг канализация ва электр тизимларига алоҳида эътибор бериш, келгусида муассаса фаолиятида энергия ресурслари узилишларига йўл қўймаслик учун ҳозирдан зарур чораларни кўриб бориш лозимлигини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!