ССВ: Ультратовуш диагностикаси соҳасидаги етакчи мутахассислар Тошкентда жам бўлди

A A A
ССВ: Ультратовуш диагностикаси соҳасидаги етакчи мутахассислар Тошкентда жам бўлди

Бугун Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида "Тиббиётда ультратовуш диагностикасининг инновацион технологиялари" мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади. Тадбирда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан ультратовуш диагностикаси соҳасидаги етакчи мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.

📑 Анжуман дастури Ўзбекистондаги мутахассисларнинг соҳадаги долзарб эҳтиёжларини қондириш, илғор ультратовуш диагностика тизимларидан самарали фойдаланиш мақсадида уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.

🤱🏻 Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан туғма нуқсонларни эрта ташхислаш мақсадларига йўналтирилган, замонавий ультратовуш ускуналари билан жиҳозланган пренатал хоналари ташкил этилди.

✅ Мамлакатда тиббиёт амалиётини ўқув ва илмий фаолият билан фаол интеграциялашга бўлган юксак эҳтиёж тиббиётнинг илғор ютуқларини диагностика ва даволаш жараёнига жорий этишни жадаллаштириш зарурлигини тақозо этмоқда.

🎤 Анжуманда туғма нуқсонлар, юрак-қон томир, онкологик, гастроэнтерологик, урологик ва бошқа касалликлар скрининги, уларни эрта аниқлаш ва даволаш муаммолари муҳокама қилинмоқда.

📈 Таъкидланишича, бу йўналишда ультратовуш ускуналари имкониятларининг сезиларли даражада ошишига эришилди. Ўзбекистон олимлари томонидан такомиллаштирилган турли эластография усулларининг инновацион технологиялари — компрессион, нуқтали, икки ўлчовли силжиш тўлқинли эластография, допплерография билан биргаликда сурункали диффуз ва ўчоқли касалликларни эрта аниқлашда диагностик аниқлик даражасини 95 фоизга кўтарди.

📌 Санаб ўтилган ультратовуш технологиялари клиник амалиётга муваффақиятли жорий этилмоқда.

🔹 Шунингдек, ультратовуш диагностикаси мутахассисларининг олдида сут бези касалликлари скринингини такомиллаштириш, ушбу усулнинг тиббий тасвирлаш тизимидаги роли ва ўрнини аниқлаш каби яна бир вазифа турибди.

🧑🏻‍⚕️ Ҳозирги кунда тиббиёт ходимлари, жумладан, ультратовуш диагностикаси соҳасида фаолият олиб бораётган мутахасиссларнинг касбий тайёргарлиги ва уларнинг малакасини мунтазам оширишнинг самарали тизимини яратиш тиббиётнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

🌐 Тиббиёт ходимларининг касб малакасини ривожлантириш маркази бу йўналишда ўқув жараёнида ўқув-симуляция ва тренинг марказларидан фойдаланиб, кўплаб халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий клиникалар билан ҳамкорликда халқаро стандартларга мувофиқ замонавий таълим дастурлари, ўқитиш услублари ва технологияларини фаол жорий этиб келмоқда.

Анжуман 20 апрель куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!