ССВ: Миллий тиббиёт маркази халқаро сифат сертификатига эга бўлди
Янги Ўзбекистон тиббиёти босқичма-босқич трансформация қилиниши натижасида сўнгги йилларда юртимиздаги қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртлари ўз фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқлаштириб бормоқда.
Бугун улар сони яна биттага кўпайди. Миллий тиббиёт марказига ISO 9001:2015 халқаро сифат стандартларини жорий этганлиги муносабати билан ASTRAIA Certification, s.r.o. ташкилоти томонидан махсус сертификат топширилди.
Шу йил бошида ишга туширилган марказ тиббиётимизнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган. 500 ўринга мўлжалланган мажмуада 200 га яқин турдаги 1000дан зиёд илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган бўлиб, амбулатор ва стационар тартибда 200дан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилади.
Бу ерда йилига 6 мингдан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш имконияти яратилган.
Тиббиёт муассасаси Хитой, Ҳиндистон, Германия, Туркия, Жанубий Корея каби қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Эслатиб ўтамиз, ISO 9001 сифатни яхшилаш ва мижозларнинг талабларига жавоб беришда халқаро эътироф этилган стандарт бўлиб, марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.