Смотрич Мисрга таҳдид қилди
Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Миср Исроилга ҳужум қилган тақдирда, Синай яриморолидан маҳрум бўлиши мумкинлигини билдирди.
Смотричнинг айтишича, Мисрни Исроилга ҳужум қилишдан тийиб турадиган омиллардан бири бундай ҳаракат Синай устидан назоратнинг йўқотилишига олиб келиши мумкинлигини англаш бўлади.
Унинг бу баёноти 1973 йил 6–24 октябрь кунлари давом этган «Қиёмат куни уруши» йиллиги арафасида янгради. Урушдан кейин Синай яриморолини Мисрга қайтариш жараёни бошланган.
Смотричнинг сўзлари Мисрда кескин реакцияларга сабаб бўлди. Мисрлик журналистлар, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари унинг баёнотини танқид қилди.
Телебошловчи Аҳмад Муса Синай Миср учун «қизил чизиқ» эканини таъкидлаб, Исроилнинг яриморолга нисбатан ҳар қандай тажовузи оғир оқибатларга олиб келишини билдирди.
Мисрлик журналист ва депутат Мустафо Бакри ҳам Смотрични Синайни эгаллаб олиш билан таҳдид қилишда айблаб, Миср армияси мамлакат миллий хавфсизлигига ҳар қандай таҳдидга қарши туришга тайёр эканини айтди.
Миср расмийлари Смотричнинг баёнотини ҳозирча бевосита изоҳламаган. Бироқ президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси аввалроқ мамлакат Қуролли кучлари Миср, унинг ресурслари ва миллий хавфсизлигини ҳар қандай вақт ва шароитда ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирган.
Миср ва Исроил 1979 йилда тинчлик шартномасини имзолаган. Кэмп-Дэвид келишувлари асосида тузилган ушбу шартнома икки давлат ўртасидаги уруш ҳолатига барҳам бериб, Исроил қўшинларининг Синай яриморолидан чиқарилишини назарда тутган.
