Сирдарё ва Сурхондарёда қўшни мамлакатдан олиб келинган жами 77 кг наркотик моддалар мусодара қилинди
1️⃣ Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасидан контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.
Хусусан, “ўзбек-тожик” давлат чегарасининг Ховос тумани Шарқобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида тожикистонлик наркокуръерлар томонидан чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирилган 6 дона сумкаларни қабул қилиб олган вақтларида 1983 ва 1990 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро чегара наряди томонидан ушланди.
Ушбу сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уларнинг ичида 8 кг 314 гр “героин” ва 54 кг 458 гр “опий” моддалари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
2️⃣ Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур тумандаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1984 й.т. фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар келтириб берган 14 кг 680 гр “опий” моддасини шартли харидорга 180 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда наркосавдогарнинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
📞 Ҳурматли фуқаролар агарда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
