Шри-Ланка бош вазири иқтисодиёт таназзулга учраганини эълон қилди

Шри-Ланка бош вазири иқтисодиёт таназзулга учраганини эълон қилди

Шри-Ланка бош вазири Ранил Викрамасингхе кўп ойлардан бери оғир инқирозни бошидан кечирган орол давлатининг иқтисодиёти таназзулга юз тутганини, ҳукумат ҳатто нефт импорти учун пул тўлашга ҳам қодир эмаслигини маълум қилди.

Парламентда сўзга чиққан Викрамасингхе гап фақат ёқилғи, газ, электр энергияси ва озиқ-овқат тақчиллигида эмаслигини таъкидлади. “Иқтисодиётимиз бутунлай қулаб тушди. Дефолт бор”, деди у.

Викрамасингенинг сўзларига кўра, ҳукумат жараённи ортга қайтариш имкониятини қўлдан бой берди.

Шри-Ланка фуқаролари кунига 13 соатгача бўлган электр таъминотидаги узилишларни тўхтатишни талаб қилиб, март ойининг охиридан бери намойишлар ўтказмоқда.

9 май куни бош вазирлик биноси олдидаги намойишлар чоғида намойишчилар ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиқди. Пойтахт Коломбога қўшин киритилди.

Мухолифатнинг кескин танқидига жавобан 9 май куни бош вазир Маҳинда Ражапакса истеъфога чиқди. Вазирлар Маҳкамаси тарқатиб юборилди.

12 май куни президент Готабая Ражапакса собиқ бош вазир Ранил Викрамасингени Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари этиб тайинлади.

Шри-Ланкадаги оммавий намойишлар чоғида 8 киши, жумладан, ҳукмрон партиядан бир депутат ва 2 нафар полициячи ҳалок бўлган, 250 киши яраланган.

Маълумот учун. Шри-Ланканинг аҳолисининг ўн фоиздан кўпроғини (3 млн га яқин) мусулмонлар ташкил этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!