Сербиядаги сайловлар: Вучични Милошевич тақдири кутяптими?
25 октябрь куни Сербияда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини кўпчилик мамлакатнинг келгуси йўлини белгилаб берувчи референдум сифатида баҳоламоқда. Президентлик лавозимини тарк этган Александар Вучич ўзининг Сербия тараққиёт партияси рўйхатига бошчилик қилиб, бош вазир лавозимига сайланишга ҳаракат қилмоқчи.
«Келгуси ўн йилликларда Сербия олдида фақат икки йўл бор: Александар Вучичнинг авторитар бошқарувидан халос бўлиш ёки ўнлаб йиллар давомидаги қатағонлар ва диктатура», — деди DW нашрига сиёсатшунос ва социолог Душан Л. Миленкович.
Сербияни узоқ йиллар бошқарган сиёсатчилар учун 2000 йил 5 октябрь воқеалари энг оғриқли сиёсий хотиралардан бири бўлиб қолмоқда. Ўша куни кўчаларга чиққан фуқаролар авторитар раҳбар Слободан Милошевични сайловдаги мағлубиятини тан олишга мажбур қилган эди. Унга қарши кичик демократик партиялардан тузилган турли сиёсий кучлар коалицияси ғалаба қозонган.
2000 йилда Вучич ҳокимият тарафида бўлган. У Милошевич коалицияси таркибига кирган ўта миллатчи Сербия радикал партиясининг аъзоси ва мамлакат ахборот вазири сифатида, асосан, цензура учун масъул бўлган.
Бугун эса Вучичнинг ўзи Милошевичга ўхшаш вазиятга тушиб қолиши мумкин. Бироқ унга қарши ягона демократик мухолифат эмас, балки талабалар ҳаракати турибди.
«Талабалар рўйхати» ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва коррупцияга қарши кенг кўламли норозилик намойишлари натижасида пайдо бўлган. Ҳаракатга 2024 йил охирида Нови-Сад шаҳрида яқинда таъмирланган вокзалнинг том қисмидаги соябон қулаб тушиши ва 16 кишининг ҳалок бўлиши туртки берган.
Талабалар сайловолди кампаниясини асосан ижтимоий тармоқлар ва хонадонма-хонадон юриш орқали олиб бормоқда.
«Талабалар рўйхати» учун Сербия Европа Иттифоқига қўшиладими ёки Россия билан иттифоқ йўлини танлайдими, деган анъанавий сиёсий баҳслар асосий аҳамиятга эга эмас. У либераллар ва миллатчиларни, сўллар ва ўнгларни бирлаштирган.
Ушбу рўйхатнинг асосий мақсади — ҳокимиятни алмаштириш. Ҳаракатнинг устувор вазифалари эса жиноятчиликка қарши курашиш ва қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.
