Саратон, инсульт, бепуштлик... Мутахассис чилим чекишнинг саломатликка зарарлари ҳақида маълумот берди
Бугун ҳар бир ёшу кекса чекиш – зарарли одат эканлиги ва саломатликка салбий таъсир кўрсатишидан яхши хабардор. Бироқ шунга қарамай, сўнгги пайтларда ёшлар орасида чилим чекиш тобора оммалашиб бормоқда.
👫 Афсуски, бу одатга ружу қўйган аксарият йигит-қизлар уни саломатлик учун мутлақо зарарсиз деб ўйлайди. Бироқ олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот хулосаларига кўра, чилим соғлик учун ўта хавфли ҳисобланади.
❓Хўш, унинг зарари нимада? Чилим таркибида қандай моддалар мавжуд?
➡️ Ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров батафсил жавоб берди.
💬 — Чилим – тамаки ҳамда таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларнинг туташи ёки қиздирилиши натижасида ҳосил бўладиган тутунни нафас орқали ютишга мўлжалланган мослама бўлиб, аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш орқали (чилим сувдонидан) ўтади, — дейди мутахассис.
😡 — Афсуски, сўнгги пайтларда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам бу иллатга ружу қўйганлар сони ортиб бормоқда. Ваҳоланки, у наркоманиянинг енгил кўриниши бўлиб, инсонда никотинга кучли қарамликни келтириб чиқаради.
✅ Қолаверса, чилимнинг зарари сигарета чекишдан асло кам эмас. Унинг тутуни таркибида канцероген моддалар (нитрозаминлар, полициклик ароматик углеводородлар, учувчан альдегидлар, жумладан, формальдегид ва бензол) ҳамда азот оксиди ва оғир металлар каби заҳарли моддалар мавжуд.
➡️ Шунингдек, чилим кўмири ёқилганда кўп миқдорда углерод оксиди (ис гази) ва канцерогенлар ажралиб чиқади. Ушбу заҳарли моддалар чекувчиларда юрак ва ўпка касалликлари ҳамда саратон хасталикларини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, оддий тамаки чекувчиларга қараганда чилим чекувчилар заҳарли ис гази таъсирида кўпроқ бўладилар.
🫀 Ўтказилган тадқиқотлар натижасида бу иллатга қарам бўлганларда юрак уриши, қон босимининг ошиши ва бошқа хавфли ўткир юр бю б б ак-томир таъсирлари, ўпка функцияси бузилишлари ва яллиғланишлари, физиологик ҳимоянинг пасайиши, ис гази таъсиридан ҳушдан кетиш ва ўткир заҳарланишлар кузатилиши аниқланган.
🦷 Ушбу зарарли одат узоқ муддатли асоратлар қолдириши билан ҳам хавфли бўлиб, олиб борилган кузатувлар давомида чилим чекиш билан ўпка саратони, тиш боғламларининг бузилиши, тишларнинг барвақт тўкилиши ҳамда кам вазнли бола туғилиши ўртасида узвий боғлиқлик борлиги маълум бўлди.
🫁 Қолаверса, у оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, ошқозон ва сийдик пуфаги саратони, ўпка сурункали обструктив касалликлари, инсульт, сурункали ринит, эркаклар бепуштлиги, меъда-қизилўнгач рефлюкси ва руҳий бузилишларга ҳам сабаб бўлади.
🟢 Шундай экан, ҳар бир инсон бу иллатдан узоқ бўлиши, фарзандларни эса чилим чекишнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш зарур.
‼️ Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24 майдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.