Саида Мирзиёева: "Президентда шундай фазилат бор — у одамларни ўстиришни билади"
Президент администрацияси раҳбари сифатида мустақиллик ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Саида Мирзиёева отаси билан қарорларни муҳокама қилиш ҳар доим уларнинг ўзаро ҳамкорлигининг бир қисми бўлганини таъкидлади:
«Биз масалаларни доим у билан муҳокама қиламиз, биз у билан доим ёнма-ёнмиз… Унда шундай фазилат бор — у одамларни ўстиришни билади. У шахсга жуда ҳурмат билан муносабатда бўлади ва унинг ўсиши учун ҳамма нарсани қилади».
Унинг сўзларига кўра, у отасини «кўпроқ ва яхшироқ» тушуна бошлаган. «Бу 10 йиллик тажриба, ҳа, менга эҳтимол донолик бергандир, лекин сабрни айнан у киши ўргатди. Мен ундан кўп нарсани ўргана бошладим. Ҳатто фарзандлар, неваралар тарбиясида ҳам», — деди у.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, президент «одамларни ўстиришни» билади.
«Мана, бир қарашда кичкинагина бола, Шавкатим (ўғли — таҳр.) билан қандай мулоқот қиляпти? Мен қараб туриб дейман — ё Худойим! Шахсни тарбиялашни биладиган инсон мана шунақа бўлади. Ва мана мени, жажжи қизчани, а? Бизнинг патриархал жамиятимизда нуфузли аёл бўлиш… Жуда қийин».
Мирзиёеванинг таъкидлашича, айнан отаси унинг камол топиши учун шундай шароит ярата олган: илк кунларданоқ уни ёнига олиб, жамоатчилик эътиборидан ва расмий мақомдан холи тарзда ўзи билан бирга олиб юрган. Айтишича, у доим отасининг ёнида бўлган, тинглаган, хулоса чиқарган, кўмаклашган ва қарорлар муҳокамасида қатнашган.
«У киши тинглашни билади ва ҳеч қачон шаштни қайтармайди. У: „Йўқ, сен ноҳақсан“, демайди. Ҳеч қачон. Мана шу — мен ўзлаштиришга уринаётган… мен ўрганаётган ҳайратланарли хислат», — деди Саида Мирзиёева.
