Саида Мирзиёева: "Президент кутишни, сабр қилишни ва шу билан бирга жуда юқори маррани қўйишни билади"
Ислоҳотларга қаттиққўллик билан эришиб бўлмайди. Бунинг учун мослашувчанлик ва донолик зарур. Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Кирилл Альтманнинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёевнинг иш услуби ҳақидаги саволга шундай жавоб берди.
«Қаранг, тўққиз йил ичида у қандай ислоҳотларни амалга оширди. Бунга қаттиққўллик билан эришиб бўлмайди. Мослашувчанлик ва донолик керак», — деди у отаси ҳақида.
Саида Мирзиёеванинг қўшимча қилишича, президент кутишни, сабр қилишни ва шу билан бирга жуда юқори маррани қўйишни билади, чунки туман ҳокимлигидан тортиб бош вазирликкача бўлган йўлни босиб ўтиб, бошқарув тизимини чуқур билади.
Оила ва тарбия ҳақида
Президент кўп йиллар давомида иш ва оилани қандай уйғунлаштиргани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Саида Мирзиёева фарзандлар доимо унинг ёнида бўлганини таъкидлади.
«Бўш вақти бўлдими — ё ўзи келарди, ёки бизни ўзи билан олиб кетарди. Сайёр тадбирларда ҳам биз доим ёнида бўлардик. Кичкина қизчалар — бу бўйича кўп видеолар бор. Мирзо Улуғбек туманида биз — икки қизалоқ — у кишининг ёнидамиз. Жиззахда ҳам доим биз билан бўлишга вақт топарди. Бизнинг ҳаётимизда фаол иштирок этган ва ҳозир ҳам этмоқда. Бу — ҳайратланарли».
Президент администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, тарбия фақат шахсий намуна орқали бўлади.
«Болаларни фақат намуна кўрсатиб тарбиялаш мумкин. Уларни бошқа йўл билан — энг зўр ўқитувчилар, энг зўр мактаблар билан — тўғри инсон қилиб тарбиялаб бўлмайди. Бу иш бермайди. Она, ота ва шахсий намуна — мана шу иш беради, тамом».