Россиядан қатор давлатларга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқиш тақиқланди
Путин Россиядан яқин хориж мамлакатларига 1 миллион рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни тақиқлади.
Тақиқ ЕОИИ давлатлари — Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистонга, шунингдек, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга нақд пул олиб чиқишга тааллуқли. Тегишли фармонни Россия президенти 29 сентябрь куни имзолаган, деб хабар бермоқда давлат агентлиги ТАСС.
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ушбу мамлакатларга пул олиб чиқиш, сумма миқдоридан қатъи назар, тақиқланган.
1 миллион рублдан ортиқ маблағни фақат белгиланган халқаро аэропортлар орқали, валютанинг банк ҳисобидан ечилганини тасдиқловчи банк кўчирмаси мавжуд бўлган тақдирда олиб чиқиш мумкин.
Фармонда таъкидланишича, тақиқ бузилган тақдирда, барча нақд пул мусодара қилинади.
«Ведомости» нашрининг ёзишича, аввал жисмоний шахслар учун лимит 100 минг доллар эквивалентини ташкил қилган. Бундан ташқари, аввалги чекловлар Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга нисбатан татбиқ этилмаган.
