Россия ва Эрон етакчилари Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Россия президенти Владимир Путин эронлик ҳамкасби Масуд Пезешкиан билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди.
Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, икки давлат раҳбарларининг телефон мулоқоти Эрон томонининг ташаббуси билан 2 декабр, душанба куни бўлиб ўтган.
"Асосий эътибор Сурия Араб Республикасидаги кескинлашган вазиятга қаратилмоқда. Террорчи гуруҳлар ва тўдаларнинг кенг кўламли тажовузи Сурия давлатининг суверенитети, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига путур етказиш деб баҳоланмоқда. Сурия қонуний органларининг мамлакат конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигини тиклаш бўйича ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаш билдирилди", — дейилади баёнотда.
Туркия иштирокида “Остона формати” доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Турли соҳаларда Россия-Эрон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан, 2024 йил 23 октябрь куни Қозон шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Владимир Путин ва Масуд Пезешкиан ўртасидаги келишувларни ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинди. Икки давлат раҳбарларининг бошқа даражалардаги кейинги алоқалари учун режа белгиланди.
Суриянинг Алеппо ва Идлиб вилоятларида Асад режими кучлари билан режимга қарши қуролли гуруҳ ўртасида шиддатли тўқнашувлар олтинчи кундан бери давом этмоқда.
27 ноябрь куни Сурия шимолидаги Ҳалаб вилоятининг ғарбий қисмида Асад режими кучлари билан режимга қарши қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар юз берди.
27—28 ноябрь кунлари қуролли гуруҳлар Ҳалабнинг ғарбий вилоятларидан марказга тезлик билан олдинга ўтди ва 30 ноябрда марказнинг катта қисми устидан назорат ўрнатди.
30 ноябрь куни қуролли кучлар Хон Шайхун шаҳрини эгаллаб, Идлибнинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатди.