Расул Кушербаев “йил жинояти” ҳақида гапирди

Расул Кушербаев “йил жинояти” ҳақида гапирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев қонунчилигимизда арзимаган ҳаракатлар учун ҳам шартта жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари, афсуски, ҳалиям борлиги ҳақида фикр билдирди: 

Тўғриси Андижон шаҳридаги “Регистон” сайлгоҳида дрондан рухсатномасиз фойдаланиб, клип олмоқчи бўлган операторнинг салкам “йил жиноятчиси”га айланиб қолгани ҳақида ўқиб на кулишни на йиғлашни билмайсан. 
 
Сабаби ҳар қандай ҳаракатнинг ҳуқуқий оқибатига қараб жавобгарлик белгиланиши керак. Ва мен шу кунга қадар дрондан фойдаланишнинг жамият ва давлат учун қандай оғир оқибат олиб келиши мумкинлигини тушунмаганман. Рухсат олса хавфсиз, рухсат олмаса хавфли. Худдики автомобиллар “тонировка”си каби: пулини тўласанг хавфсиз ҳайдовчисан, тўламасанг хавфли ҳайдовчи. 
 
Бунда тенгсизлик тугаб, тенглик бўлишининг моҳияти шундаки, янги йил кечасида Тошкентда одамлар устида учган “дронлар шоуси” давлат ва жамият учун ҳеч қандай хавф туғдирмади, деб қаралгани каби клип олиш учун дрондан фойдаланишнинг оқибати ҳам ўша “дронлар шоуси” каби бахоланиши керак. Чунки моҳиятан битта ҳолатга иккита кўз билан қўшстандарт услубида қараш адолатсизлик, деб тушунилади.
 
Оддий айтганда хатто жарима солишга ҳам тормайдиган бу каби жазоларни жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариш ва нари борса маъмурий тартибдаги жавобгарликка ўтказиш вақти аллақачон етиб келган. Бу гапим мантиқсиз “тонировка” чекловига тегишлимас, уни бутунлай бекор қилиш керак. 
 
Тан оламан: дрон масаласида жавобгарликни жиноят даражасида белгилашда биз депутатларнинг ҳиссаси катта, чунки истаб-истамай бунга қачонлардир ўзимиз овоз берганмиз. Бироқ ўша вақтнинг талаби ва зарурати нима билан боғлиқ бўлганини ҳозир билмайман. Бугун эса бу – бугун.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!