Рақамлаштириш соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича экспорт шартномавий ҳужжатларни халқаро платформаларда расмийлаштиришга рухсат берилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тадбиркорлик субъектларига халқаро платформалар орқали рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, ҳуқуқий эксперимент тариқасида рақамлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича экспорт шартномавий ҳужжатларни халқаро платформаларда расмийлаштиришга рухсат берилади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент доирасида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари томонидан рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар (улар амалга ошириши рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига мувофиқ) экспорти бўйича халқаро платформаларда электрон шаклда расмийлаштирилган қиймати 100 минг АҚШ долларигача (ёки ушбу эквивалентга тенг миқдоргача) бўлган шартномалар (келишув, ҳисобварақ-фактура, инвойс) электрон ҳужжат сифатида тан олинади ҳамда уларнинг қоғоз шаклидаги нусхаси талаб этилмайди;
рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспорти бўйича шартномаларни расмийлаштириш рухсат этиладиган халқаро платформалар рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Ҳуқуқий эсперимент доирасида:
IT-парк резиденти иштирокидаги оддий ёзма шаклдаги ташқи савдо битими тўғрисидаги таклиф иккинчи тарафнинг шартнома тузишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилиш (акцептлаш) йўли билан қабул қилинган бўлса тузилган ҳисобланади;
ташқи савдо битими бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар IТ-парк резидентлари томонидан фақат Ўзбекистон Республикаси тижорат банкидаги ҳисоб рақами орқали амалга оширилади;
электрон ёки бошқа алоқа воситалари, ахборот тизимлари ёки ахборот тармоқларидан фойдаланган ҳолда дастурий кодлар билан алмашиш ёки тарафлар ва уларнинг хоҳиш-иродасининг мазмунини аниқ ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади;
IT-парк резидентлари учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ташқи савдо битимлари бўйича тегишли маълумотларни киритиб бориш мажбурий ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Ҳуқуқий экспериментнинг амал қилиш муддати бир йилни ташкил этади.
