Қозоғистон давлат қарзи миқдори маълум бўлди

Қозоғистон давлат қарзи миқдори маълум бўлди

Қозоғистон молия вазири Мади Такиев мамлакатнинг давлат қарзи миқдори ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Такиевнинг сўзларига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига асосан давлат қарзи 27 триллион тенгени (салкам 59 миллиард 803 миллион доллар) ташкил қилган.

“ЯИМга нисбатан бу 22,8 фоизни ташкил этади. Бизда чегара ҳам бор. Умуман олганда, чегара 32 фоиз қилиб белгиланган, бу хавфсиз ҳисобланади. Бизда у 22 фоиз”, — деди расмий.

2023 йил қозоғистонлик депутат Ерлан Саиров Қозоғистон давлат қарзи ҳажми умумий бюджетнинг 40 фоизини ташкил этишини айтиб, бу маълум хавфларни юзага келтиришини таъкидлаганди.

“Кваззидавлат сектори билан биргаликда давлат қарзи 105 миллиард долларни ташкил этади, яъни бутун бюджетнинг 40 фоизи. Агар давлат қарзи 40 фоизга етса, мамлакатда молиявий муаммолар аллақачон бошланади. Баъзи мамлакатларда, Аргентина ва Грецияда ҳам худди шундай муаммо бор эди ва улар ўзларининг суверенитетларини йўқотди”, — деган эди у.

У ҳукумат давлат қарзи ҳажмини оширмаслик чораларини кўраётганини қўшимча қилган эди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон давлат қарзи 2023 йил 1 июль ҳолатига кўра 31,5 млрд АҚШ долларни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этган. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг давлат қарзини “мўтадил” дея баҳолаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!