Қосим Сулаймоний ким эди ва унинг ўлими нима учун бунчалар шов-шув бўлди?

Қосим Сулаймоний ким эди ва унинг ўлими нима учун бунчалар шов-шув бўлди?

Хабарингиз бор, 3 январь куни АҚШ ҳарбийлари Эроннинг нуфузли генерали Қосим Сулаймонийни авиазарбалар натижасида ўлдирди. Ушбу воқеага жаҳон бозорлари жиддий реакция билдирди: АҚШ ва Европа фонд бозорлари нархи пастлади, нефт ва олтиннинг нархи ошди.

Эронда Сулаймоний ўлими туфайли 3 кунлик мотам эълон қилинди.

Хўш, шунча воқеаларга сабабчи бўлган Қосим Сулаймоний ким ва унинг ўлими нимага бунча шов-шувларга сабаб бўлди?

"Бу Эрон учун АҚШ штаб бошлиқлари раиси ёки Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) бошлиғини ўлдиришдек гап", - дейди Ковен Вашингтон тадқиқотлар гуруҳи аъзоси Роман Швейзер.

Сулаймоний "Қудс" махсус бўлинмасидаги 20 йиллик фаолиятида, асосан, кадр ортида ҳаракат қилган. Бироқ сўнгги йилларда у Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсир доираси ва ҳаракатларининг юзи бўлиб келган. Ироқдан то Ливанга қадар, Суриядан тортиб Ямандаги урушларгача Сулаймоний номи тилга олинади.

Яқин Шарқ бўйича бир қатор мутахассислар уни Эронда мамлакат олий диний етакчиси Али Хоманаийдан кейинги иккинчи рақамли шахс деб ҳисоблашади. АҚШ 2003 йилда Ироқдаги операциялардан бери уни таъқиб этиб келади.

Сулаймоний раҳбарлик қилган "Қудс" махсус бўлинмаси Эрон таъсиридаги минтақанинг қатор прокси гуруҳларини ғоявий, ҳарбий жиҳатдан бошқаради. Ямандаги шундай гуруҳлар 2019 йилнинг 14 сентябрида Саудия нефт корхоналарига қилган дронлар ҳужуми натижасида жаҳон бозорида нефт нархи 10 долларга ошган эди.

"У қилган ишларга боқинг: Сурияга қаранг, Ироққа қаранг. Ҳаммасида Эрон манфаатлари қурилган ва улар ҳозирда ҳам сақланиб қолган. У бармоғи доимо граната ҳалқасида бўлган одам эди", - дейди Вашингтон Университетининг шиалар бўйича мутахассиси Филипп Смит CNBC каналига берган интервьюсида.

1979 йилги Эрондаги Ислом инқилобида ҳам Сулаймоний инқилобчилар тарафида курашган. У 40 йилдан буён Теҳрондан Байрутга қадар Яқин Шарқдаги шиалар таъсирини кенгайтиришда асосий фигурант бўлган.

Сулаймонийнинг ўрнига унинг ўринбосари, бригада генерали Исмоил Ғани тайинланган. Генерал Ғани аксилисроил қарашлари билан танилган. Хоманаий Инқилоб муҳофизлари корпуси ўз йўлидан қайтмаслигини маълум қилди.

АҚШ миллий хавфсизлик идораларининг айрим собиқ ва жорий ходимларининг айтишича, генерални ўлдириш учун илгари ҳам бир қатор имкониятлар бўлган. Бироқ аввалги раҳбарият халқаро жанжал келиб чиқмаслиги учун бунга рўйхушлик бермаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!