“Қизларжон” саммити иштирокчилари бир кун хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлади

“Қизларжон” саммити иштирокчилари бир кун хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлади

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида бугун Республика Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Илм-фан келажак пойдевори шиори остида уюштирилаётган Қизларжон ўқувчи қизлар саммити ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Халқ сўзи ONLINE га Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова хабар берди.

Ўқувчи қизларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, шунингдек, миллий урф-одат ва анъаналар руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда қўллаб-қувватлаш, умумтаълим мактабларидаги Қизларжон клублари фаолиятини такомиллаштириш каби мақсадларни кўзлаган мазкур саммитда мамлакатимиз барча ҳудудидан 14 18 ёшдаги 140 нафар ўқувчи-қиз иштирок этмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Алимова саммит иштирокчиларини қутлаб, илк бор ўтказилаётган ушбу тадбир жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишларнинг яна бир йўналиши эканлигини таъкидлади.

Саммитда Қизларжон клуби координаторлари, халқаро ҳамда республика фан олимпиадалари ғолибалари, ҳунармандлик, АКТ соҳаси билан шуғулланаётган ўқувчи-қизлар, инновацион ғоялар муаллифлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, Ёшлар иттифоқи сардорлари ва профилактик ҳисобдаги тарбияси яхшиланаётган қизлар қатнашяпти. Улар тўрт кун давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда психологик тренинглар, маҳорат дарслари, ҳунарманд ўқувчи-қизлар маҳсулотлари савдо-ярмаркасида қатнашади. Дублёр лойиҳаси доирасида қизлар туман, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида бир кунлик амалиёт ўтайди.

Машғулотларни олиб бориш учун республикамиздаги таниқли олималар, фан, маданият ва санъат арбоблари, ҳатто, Америка Қўшма Штатларидан Anoka Ramsey институти профессори Вольф Лауре хоним ташриф буюрган.

Manba: xs. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!