Қанақа маҳсига масҳ тортиш мумкин?

Қанақа маҳсига масҳ тортиш мумкин?

Ўлкамизга қиш фасли кириб келиши билан ҳар доимгидек маҳси каби оёқ кийимларга масҳ тортиш масаласи яна оммалашиб қолди. Маълумки, шариатимизда бу масала ҳатто ақийдавий масалалардан бири даражасига кўтарилган. Ақидага доир мўътабар китобларда бу масала ҳатто аҳли суннатни бидъат аҳилларидан ажратиб турадиган ўзига  хос хусусияти экани айтилади. Жумладан: “Оёқ кийими бўлмиш маҳси устидан масҳ тортишни жоиз деб биламиз” дейилади. Маҳси ҳақидаги ҳадиси шарифлар ҳадис ва фиқҳ китобларини тўлдирган. 

Аммо...

Фуқаҳоларимиз ҳар қандай маҳсига ҳам масҳ тортавермасликни тавсия қиладилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берган суннатларида бунинг ҳам ўзига яраша тартиб қоидалари мавжуддир. Исломга умрини тикиб қўйган заҳматкаш алломаларимиз бу масалаларни аллақачон мукаммал даражада изоҳлаб, асарларининг бош қисми, яъни таҳорат бобидаёқ кўрсатиб қўйганлар. 

Келинг, имкон қадар уларнинг фиқҳий тафсилоти хулосалари билан танишиб чиқамиз. Демак, уларда айтилишича, маҳси сифатида танланган оёқ кийимида қуйидаги шартлар мужассам бўлиши талаб этилади: 

1.  Мазкур оёқ кийими товонидан бошлаб оёқнинг тўпиқ қисмини ҳам қўшиб ёпиб туриши керак. Бу ҳақида “Ал-Лубаб” китобида "...оёқни тўпиқ билан қўшиб ёпиб турган оёқ кийимининг таг қисми ҳам пошналик бўлиши зарур. Агар мазкур оёқ кийимининг таг қисми пошналик бўлмай, бунинг устига қалин ва пишиқ бўлмаса, унга ҳам масҳ тортиб бўлмайди" – дейилади.

Уламоларимизнинг фикрича, масҳ масаласида, оёқ кийимининг таг қисмини пошналик бўлиш ё бўлмаслиги асосий эътибор нуқтаси эмас. Муҳими ушбу оёқ кийимининг пишиқ, чоклари мустаҳкам бўлишлиги, ичига сув ўтказмаслиги, қалин бўлиб ичи кўриниб турмаслиги ва ўзини ерга қўйилса, букилиб кетмай тик туришлиги талаб этилади.

2. Мазкр оёқ кийими билан 3 мил, яъни 5544 метр масофага сафар қилиш мумкин бўлиши керак. Ушбу масофа тугамасдан у кийим йиртилиб кетмаслиги талаб этилади.  

3. Мазкур оёқ кийими айнан теридан тикилиши шарт эмас. Ундан бошқа ашёлардан ҳам пишиқ, ичига сув ўтмайдиган даражада мустаҳкам қилиб тикилган оёқ кийимларига масҳ тортишни уламоларимиз -шаръан жоиз бўлади" - дейдилар. 

“Навазил” китобида "Уч кунлик сафарга чидаса масҳ тортиш жоиз бўлади" -дейилади. 

Фуқаҳоларимиз баён қилиб берган ушбу фикрларига китоб ва суннат ҳамда саҳобаларнинг асарларидан етарлича далил келтирадилар. Биз бу ерда сўзимиз чўзилиб кетиши нуқтаи назаридан мазкур далилларни келтириб ўтирмадик.

Санаб ўтганларимиз фуқаҳоларимизнинг мўътабар китоблардан олинган фиқҳий хулосаларидир. Давлатимиз томонидан тадбиркорлик соҳасига кенг йўл очилаётган бугунги кунимизда биз кимнидир маҳсулотини талабга жавоб беради ёки бермайди дейиш фикридан йироқмиз. 

Зотан, бунга ҳақимиз ҳам йўқ, даъвомиз ҳам! Аммо маҳсига масҳ тортиш масаласи Аллоҳ таоло фарз қилган таҳоратда оёқни ювиш ҳукмини ўрнига жорий бўлган ҳукм эканини эслатиб қўймоқчимиз. Яъни сиз таҳоратда оёқни ювишдек қатъий бир фарзни ўрнига оёғингизга масҳ тортмоқдасиз. Демак, бу масалада енгил ёндашув мумкин эмас. Бу борада кимдир ўз махсуоти ҳақида, яъни фалон фирманинг маҳсулоти шариат талабларига тўлиқ жавоб беради, фалон шайхнинг фатвоси берилган, - дегани билан юқорида айтилган маълум бир шаръий талабларга жавоб бармаса, унга масҳ тортиш мумкин бўлмайди. Жонимиз ва молимизни эҳтиёт қилганимиздек, ибодатларимизни ҳам эҳтиёт қилишимиз керак.

Манбалар асосида тайёрланди.

Тоҳир Воҳид


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!