Путин ва Лавров Ғарб билан музокараларда яхши ва ёмон полициячи ўйинини ўйнашмоқда
Путин ва Лавров Ғарб билан музокараларда яхши ва ёмон полициячи ўйинини ўйнашмоқда – Германиянинг собиқ элчиси.
Германиянинг Москвадаги дипломатик миссиясини 2014 йилдан 2019 йилгача бошқарган Рюдигер фон Фрич Россия расмийларининг музокара олиб бориш услуби ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У Ангела Меркел, Франк-Валтер Штайнмайер ва бошқа сиёсатчиларнинг Владимир Путин ҳамда унинг маслаҳатчилари билан бўлган учрашувларида иштирок этган.
Bild газетаси бош муҳаррири ўринбосари Паул Ронцхаймернинг подкастида фон Фрич Путин ва Сергей Лавров музокараларда АҚШ фильмларидаги каби "яхши ва ёмон полициячи" схемасидан фойдаланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти ўзини "яхши", ташқи ишлар вазири эса "ёмон" қилиб кўрсатган. Бундан ташқари, Лавров кўпинча "айбни бошқага ағдариш" усулидан фойдаланган.
"Агар мен ҳақиқатан ҳам ёмон иш қилган бўлсам, бармоғим билан сизга ишора қилиб: "Бу сизнинг айбингиз! Марказий разведка бошқармаси Майданда давлат тўнтаришини ташкил қилди, NATO кенгайди, шунинг учун, афсуски, биз ўзимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз... дейман. Агар Ғарб арбоблари бу усул билан таниш бўлмаса ёки унга тайёр бўлмаса, уларни айбдор ҳис қилишга мажбурлаш жуда осон", — дейди немис дипломати.
Унинг айтишича, ТИВ раҳбарининг танбеҳидан сўнг "иккинчи суҳбат бошланади, бунда сиз президентнинг олдига борасиз ва у жуда дўстона ва хотиржам бўлиб кўринади, ёқимли гапларни айтади". Фон Фрич Путинни мулоқотда "ўта вазмин" деб атади, унинг бу дўстона муносабати узоққа чўзилмаслигини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
"Бирдан у ханжарини чиқаради ва зарба беради. Бу жуда хайрихоҳ бўлиб туюладиган, аммо кейин тўсатдан улкан тажовузкорлик билан авж оладиган мулоқот тактикасидир. Тўлиқ назоратнинг ташқи қатлами остида яширин тажовузкорлик яширинган", – дея таъкидлади Рюдигер фон Фрич.
