Одам расмини чизиш жоизми?
— Ассалому алайкум. Москвадаги Дизайн институтида ўқийман. Бу институтга онажонимни хурсанд ҳолда кўриш учун кирдим. Лекин расм дарсида одам калласи суягининг расмини чизишимиз керак экан. Бу Аллоҳ тақиқлаган нарса эмасми? Шундай вазиятда қандай йўл тутишимни маслаҳат берасиз? Аллоҳ сизларни яхшилик ила мукофотласин!
— Шариатда инсонни, жонли нарсаларнинг суратини тўла ҳолда чизиш тақиқланган.
Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен суратлари бор ёстиқ сотиб олган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргач, эшик олдида туриб қолдилар, ундан кирмадилар. Юзларида норозилик пайқадим. «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга тавба қиламан! Нима гуноҳ қилдим?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ёстиққа нима бор?» дедилар. «Уни сиз учун, унда ўтиришингиз ва уни ёстиқ қилиб тутишингиз учун сотиб олдим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу суратларнинг эгалари қиёмат куни азобланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингизни тирилтиринг!» дейилади», дедилар ва: «Суратлар бор уйга фаришталар кирмайди», деб айтдилар».
Муслимдан ривоят қилинади:
«Масруқ билан бирга Ясор ибн Нумайрнинг уйида эдик. (Масруқ Ясорнинг) бостирмасидаги суратларни кўриб, деди: «Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир», деяётганларини эшитганман».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо хабар қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳайкалларни ясайдиганлар қиёмат куни азобланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингизга жон киритинг!» дейилади», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).