Нега «яшил» энергия фойдасига газдан воз кечиш лозим?

Бугунги кунда иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши ва бошқа долзарб экологик муаммолар кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни тақозо этмоқда. Ана шундай чоралардан бири қайта тикланадиган манбалардан олинадиган электр энергиясидан фойдаланишга — «яшил энергетика»га тўлиқ ўтишдир.
Иссиқхона газлари ташламалари камаяди
Аҳоли зичлиги юқори бўлган шаҳарларда (масалан, Тошкентда) ҳавонинг ифлосланиши аҳоли саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатади. Газдан электр энергиясига ўтиш эса нафас йўллари касалликларини камайтириш орқали аҳоли саломатлигини яхшилайди.
Қайта тикланадиган манбалардан олинадиган электр энергияси — қуёш, шамол ва гидроэнергетикадан фойдаланиш — карбонат ангидрид (CО₂) ва метан газлари камайтиришга ёрдам беради. Мисол учун, қуёш панеллари ёки шамол турбиналари ёрдамида электр энергиясини ишлаб чиқаришда, эксплуатация босқичида углерод чиқиндилари деярли йўқ.
Факт!
Табиий газни ёқиш пайтида ҳар бир кубометр газ учун тахминан 2,75 кг CО₂ ажралиб чиқади. Бу жараён, шунингдек, оз миқдорда метан чиқаради, бу карбонат ангидриддан 25-28 марта кучли иссиқхона газидир. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панель (IPCC) маълумотларига кўра, қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни қисқартириш аср ўрталарида углерод нейтраллигига эришишнинг асосий қадамларидан биридир.
Ҳаво сифати яхшиланади
Газ қозонлари ва печлар ўзидан НОₓ чиқаради, бу эса яшаш жойлари ва атрофидаги ҳаво сифатини ёмонлаштиради. Ушбу бирикмалар тутун ва кислотали ёмғирнинг шаклланишига ҳисса қўшади ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Газдан фойдаланишдан воз кечиш эса аҳоли пунктларида ҳаво сифатини ёмонлаштирадиган азот оксиди (НОₓ) каби заҳарли моддалар эмиссиясини камайтиради. Чунки электр иситкичлар ва иссиқлик насослари НОₓ ёки бошқа заҳарли бирикмалар чиқармайди. Бу хонадонлар ва шаҳарларда ҳаво сифатини яхшилаш учун, айниқса, муҳимдир.
Факт!
Овқат пишириш жараёнида газ плитаси соатига тахминан 0,2-0,3 куб метр табиий газни ёқади, бу соатига 0,4-0,6 кг CО₂ ташламалари ажралиб чиқади дегани. Электр печь эса соатига ўртача 2-3 кВт / соат энергия (қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия) истеъмол қилади, зарарли ташламалар эса деярли йўқ (соатига 0,05 кг CО₂ дан кам).
Метан хавфи бартараф этилади
Табиий газни қазиб олиш ва ташиш жараёнида кучли иссиқхона гази — метан ажралиб чиқади. Метан сизиб чиқишини назорат қилиш жуда қийин ва углероднинг салбий таъсирини сезиларли даражада оширади. Электр энергиясидан, айниқса, қайта тикланадиган манбалардан фойдаланиш эса бу хавфни бутунлай йўқ қилади.
Энергия самарадорлиги оширилади
Замонавий электр жиҳозлари (масалан, индукцион печлар, иссиқлик насослари) газга қараганда анча тежамкор, бу эса умумий энергия сарфини камайтиради.
Малумот: индукцион печлар энергия йўқотилишини камайтиради ва самарадорлиги тахминан 85-90% ни ташкил қилади, газ плиталарида эса бу рақам тахминан 60% га тенг.
Иссиқлик насослари (ҳаво, сув) анъанавий газ тизимларига қараганда камроқ энергия сарф қилади. Масалан, бундай насосларнинг энергия конвертация қилиш самарадорлиги 300-400% га етиши мумкин.
Атмосферага 6,5 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади
Юқорида келтириб ўтилган омиллар, умуман, бутун дунё экологик вазиятни барқарорлаштириш, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш ва бошқа долзарб муаммоларни бартараф этиш мақсадида тўлиқ «яшил энергетика»га ўтмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам 2030 йилга келиб ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 54 фоизга етказиш, 19 минг МВт қувватга эга қўшимча «яшил қувватлар»ни қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, 3400 МВт қувватга эга 18 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 1800 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини ишга тушириш мақсад қилинган. Мазкур чора-тадбирлар «яшил энергия» ишлаб чиқариш ҳажмини 12 миллиард кВт/соатгача ошириши кутилмоқда. Бу 5 миллион хонадоннинг йиллик истеъмолига тенг бўлиб, атмосферага 6,5 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олдини олади.
Айни пайтда қуёш энергетикаси салоҳиятини ривожлантириш бўйича 8 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиб, 1,3 миллиард долларлик 4,3 миллиард кВт/соат (1,6 ГВт) ишлаб чиқарилмоқда. Умуман олганда, 2025 йилда мамлакатимизда 84 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган, бу 2016 йилга нисбатан 25 миллиард кВт/соат ёки 1,5 баробар кўпдир.
«Газ плиталаридан босқичма-босқич воз кечиш лозим»
Америка Қўшма Штатларида олиб борилган тадқиқотлар газ плиталари турли касалликларга сабаб бўлишини кўрсатмоқда. Хусусан, 2023 йилги тадқиқотларда АҚШ хонадонларининг қарийб 40 фоизида жойлашган газ плиталари мамлакатда болалар астма касалликларининг 12,7 фоизига, яъни 650 000 нафар боланинг шу касалликка чалинишига сабаб бўлган. Қолаверса, газ плитаси ёқилганда ва тўлиқ қувватда ишласа, ҳавога бир қанча ифлослантирувчи моддалар чиқариши ҳам қайд этилган.
«The Guardian» нашрининг ёзишича, газ плиталаридан чиқадиган зарарли моддалар ҳар йили 40 000 нафар европаликнинг ўлимига сабаб бўлмоқда, бу автоҳалокатлар натижасида вафот этганлар сонидан икки баравар кўп. Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядаги уй хўжаликларида ўтказилган тадқиқотларга кўра, газ плитасидан фойдаланиш инсон ҳаётини ўртача икки йилга қисқартиради. Шу ва бошқа тадқиқотлардан келиб чиққан ҳолда Европа соғлиқни сақлаш иттифоқи барча давлатларни газ печларига чеклов ўрнатиш ва босқичма-босқич воз кечишга чақирган.
Юртимизда аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллион 543,2 минг кишига етди ва 2024 йилда аҳоли ўсиши 2 фоизни ёки 743,4 минг кишини ташкил этди (2025 йил 1 январь ҳолатида). Аҳоли энг зич ҳудуд эса Тошкент шаҳри ҳисобланади. Албатта, ҳар ким энг қулай шароитларда яшашни истайди ва бунга ҳақли. Аммо табиат ҳақида ҳам қайғуриш, нафақат ўзимиз, балки атроф-муҳит билан ҳисоблашиб яшаш вақти келди.