Мирзиёев ЕОИИни трансафғон темир йўли лойиҳасига таклиф қилди

Мирзиёев ЕОИИни трансафғон темир йўли лойиҳасига таклиф қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларини Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўлини қуриш ташаббусида иштирок этишга таклиф қилди.

У Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида видеоалоқа орқали чиқиш қилар экан, трансафғон темир йўли лойиҳаси ҳақида гапирди.

“Ҳозирги воқеликда муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ва барқарор таъминот занжирларини яратиш бўйича қўшма ишларни кучайтириш муҳим... Биз сизни Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўл қурилиши бўйича лойиҳа офисининг ишига қўшилишга таклиф қиламиз", деди президент.

Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар йўналиши бўйича темир йўли қурилиши уч давлат раҳбарияти томонидан 2021 йил февраль ойида имзоланган эди. Лойиҳани амалга ошириш учун тахминан беш йил вақт кетиши кутилмоқда. Бу йўл Ўзбекистонга Эрон ва Покистон портларига чиқиш имконини беради.

Мирзиёев ўз нутқида иттифоқ мамлакатлари билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш чораларини ҳам кўришга чақирди.

“Биз Евроосиё маконида янги иш ўринлари яратиш ва саноат марказларини шакллантиришнинг муҳим омили сифатида саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим деб биламиз, – деди Ўзбекистон раҳбари.

У ассоциацияга аъзо мамлакатларни Ўзбекистонда ЕОИИ+ форматида аграр форум ўтказиш ва унга озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларини таклиф қилишни таклиф қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!