Маҳаллий вакиллик органларининг назорат фаолияти янгича тизим асосида ташкил этилади

Маҳаллий вакиллик органларининг назорат фаолияти янгича тизим асосида ташкил этилади

Маълумки, Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан мунтазам равишда ўқув семинарлари, учрашувлар ўтказилиб, унда амалга оширилаётган ишлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама қилинади.

Ҳудудлардаги сенаторлар, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибият мудирлари иштирокида 18 март куни бўлиб ўтган навбатдаги онлайн учрашувда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни манзилли ўрганиш ҳамда самарали назоратни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Семинарни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Семинар аввалида жорий йилнинг 2 февралида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда Маҳаллий кенгашлар фаолиятида учраётган айрим муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш бўйича вазифалар келишиб олинди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш масалаларига етарли эътибор қаратилмаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Сенат Раиси, маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ва лойиҳалар ижроси устидан самарали назоратни амалга ошириш, қолаверса уларнинг амалга оширилишида яқиндан кўмаклашиш бўйича ишлаб чиқилган механизм асосида ишларни ташкил этиш, бунда Кенгаш, унинг котибияти доимий комиссиялари ҳамда депутатлар олдидаги вазифалар юзасидан батафсил тушунтириш бериб ўтди.

Мазкур тизим асосида эндиликда Президент ҳужжатларида, Ҳукумат қарорларида тегишли «йўл хариталари»да ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар, амалга ошириладиган лойиҳалар манзилли бириктирилади. Депутатлар томонидан ушбу вазифалар ижроси устидан назорат ўрнатилиши билан бирга, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида ижро ҳокимиятига амалий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳар чорак якуни бўйича тегишли туман, шаҳар вилоят Кенгашлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси мажлисларида танқидий муҳокама қилиб борилади. Жойлардаги муаммоларни маҳалла еттилиги билан биргаликда «туман – вилоят – республика» даражасида кўтариб чиқиш ҳамда ҳал этиш тизими йўлга қўйилади.

Учрашувда ушбу тизим асосида ишлар намуна сифатида йўлга қўйилган айрим маҳаллий Кенгаш вакилларининг ҳам фикри эшитилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали депутатлик назоратини йўлга қўйиш масалалари юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир якунида янги тизим бўйича ишларни маҳаллий Кенгашлар ва Марказ ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!