Ливан Исроил геноцидининг янги нишонидир
«Ислом олами бу ҳужумлар қаршисида кучлироқ позицияда туриши керак. Биз Туркия сифатида Ливан халқи ва ҳукуматини ушбу оғир дамларда қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — деб ёзди Туркия президенти ижтимоий тармоқда.
Ливан ва унинг халқи Исроилнинг Ғазо секторида 2023 йил 7-октабрдан бери давом этаётган геноцид, ишғол ва босқинчилик сиёсатининг янги нишонига айланди, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.
«Исроилнинг бир неча ҳужумлари ўтган ҳафтада кўплаб ливанликларни, жумладан, болаларни ўлдирди. Бундай оммавий қотилликни ҳеч бир виждонли одам қабул қила олмайди, оқлай олмайди ва қонуний деб тан олмайди. Исроил ҳукумати уни қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан таъминловчи кучлар томонидан қўллаб-қувватланиб, бутун инсониятга, инсонпарварлик қадриятларига ва халқаро ҳуқуққа қарши чиқаётиб, борган сари бепарво бўлиб бормоқда», — дейилади Эрдўған мактубида.
Туркия раҳбари Исроилнинг Ғазо ва Рамаллаҳда қўллаётган «ақлдан озган сиёсатини» Ливан ва минтақадаги бошқа мамлакатларга ҳам ёйишга уринишларига «тўхтанг» дейиш зарурлигини айтди.
“Биз глобал тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган барча тузилмаларни, жумладан, БМТ Хавфсизлик кенгашини, шунингдек, барча инсон ҳуқуқлари ташкилотларини зудлик билан ҳаракат қилишга чақирамиз. Ислом олами бу ҳужумлар қаршисида янада кучлироқ позицияда туриши керак, деб ҳисоблаймиз. Биз Туркия сифатида Ливан халқи ва ҳукуматини ушбу оғир дамларда қўллаб-қувватлашда давом этамиз. «Исроилнинг Ливанга қилган ғайриинсоний ҳужумларини яна бир бор қоралайман, ҳужумларда ҳалок бўлган барча ливанлик биродарлар учун Аллоҳдан раҳмат сўрайман ва ярадорларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман», — деди Эрдўған.