Куёв сотиш маросими (ёхуд ориятли йигитларимиз қаерда қолди?)

Куёв сотиш маросими (ёхуд ориятли йигитларимиз қаерда қолди?)

Аллоҳ таоло бандаларини бир-бирларининг молини ноҳақ – ҳаром йўл билан ейишдан қайтарган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Бақара сураси, 188-оят).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг ва талабни гўзал қилинг! Чунки ҳеч бир жон гарчи (ризқи)  ундан кечикса-да, лекин ризқини тўлиқ олмагунича вафот этмайди. Шундай экан Аллоҳдан қўрқинг ва талабни гўзал қилинг. Ҳалол бўлганини олинг ва ҳаром қилинганини тарк қилинг!”, дедилар» (Имом ибн Можа ривояти).

Афсуски, сўнгги пайтда юртимизнинг баъзи ҳудудларида илоҳий йўриқларга зид бидъатлар пайдо бўляпти. Ана шундай динимизга зид, ориятни оёқости қилувчи одатлардан бири – никоҳ тўйида “куёв сотиш”дир. Унга кўра, никоҳ тўйи тугагач, куёвжўралар куёвни “яшириб”, уни сотиб олиш учун келин тарафдан тўрт юз доллар пул талаб қилинар экан. Агар талаб бажарилмаса, куёв қўйиб юборилмас экан. Нақадар тубан одат! Бу киши молини зулм ва зўравонлик билан ейишга киради.

Албатта, бу тубан одатни у урчиган қишлоқ ва маҳалла оқсоқоллари ва ота-оналар билишади. Улар бу ноинсоний одатни кўриб-билиб, жим қараб туриши ярамас иллатни янада томир отишига сабаб бўлмоқда.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз бир мункар ишни кўрса, қўли билан уни тийсин, агар кучи етмаса, тили билан тийсин, унга ҳам қурби етмаса қалби билан (уни ёмон кўриб қўйсин). Мана шу (учинчиси) имоннинг энг заифидир”дедилар (Имом Муслим).

Бу каби иллатлар янги оилалардан меҳр-оқибат ва баракани кеткизади, турли можаролар кўпайиб, ажримлар сони ортишига сабаб бўлади. Турмушни хурсандчилик билан бошлайлик. Хурофот ва дилхираликдан четланайлик.

Абдулҳаким АКМАЛОВ,

Оҳангарон шаҳар бош имом-хатиби

Manba: hidoyat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!