Коррупция — жамият ривожига ғов иллатдир
Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Бу иллат ҳар бир давлат ва жамиятнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланишига жиддий зарар етказган ҳолда инсонларнинг хуқуқ ва манфаатлари ва эркинликлари раҳна солиб келмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Судьяларнинг чинаккам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони бу борадаги вазифаларни амалга ошриришдаги муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Фармонга кўра, суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлаётганлиги танқидий баҳоланган.
Шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилаётганлиги инобатга олиниб, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратишни кўзда тутади.
Бундан ташқари, фармон билан судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланган.
Зеро, жамиятимизни коррупциядан сақлашимиз учун авваламбор, фуқаролар онгида ҳуқуқий маданиятни ошириш лозимлиги, бунда давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини, таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиши, хуқуқий таълим соҳасидаги мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини яхшилаш ҳамда доимий равишда такомиллаштирилиб боришига қаратилган тадбирларни амалга ошириш айни муддаодир.
Нодиржон Райимқулов, Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси