Коронавирус қурбонлари сони 2,3 минг кишидан ошди

Коронавирус қурбонлари сони 2,3 минг кишидан ошди

22 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус қурбонлари сони 2345 кишини ташкил этди. Бир сутка ичида 2393 киши тузалди. Касалланганларнинг умумий сони 75 891 кишига етди

Сўнгги бир сутка ичида Хитойда 109 киши COVID-19 коронавирус инфекцияси туфайли келиб чиққан касаллик оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси хабар бермоқда. Мамлакатда вафот этганларнинг умумий сони 2345 кишини ташкил қилди.

Идора маълумотларига кўра, 397 та янги касалланиш ҳолати аниқланди, яна 2393 киши касалхонадан чиқарилди. Умуман олганда, мамлакатда касалланиш бўйича 75 891 та тасдиқланган ҳолат қайд этилди.

Дастлаб вирус туфайли пневмония авж олган Хубэй провинциясида 366 та янги касалланиш қайд этилган, уларнинг 314  таси - Уханда. Бир сутка ичида провинцияда 106 киши вафот этган.

Ҳонконг, Макао ва Тайванда жами 104 та касалланиш ҳолати аниқланди.

SMPC маълумотларига кўра, дунё бўйлаб касалланганлар сони 76 806 кишига етди. Улардан 727 таси Японияда, 208 та - Жанубий Кореяда, 86 та - Сингапурда, 35 та - Таиландда, 22 та - Малайзияда аниқланган.

Коронавируснинг янги тури биринчи марта Хитойда 2019 йил декабрь ойида аниқланди. ХХР расмийлари версиясига кўра, вируснинг манбаи Ухандаги бозор бўлиб, у ерда денгиз маҳсулотлари, парранда гўшти, илонлар ва бошқа ҳайвонлар сотилган. Кейинчалик олимлар ушбу вирус одамдан одамга юқиши мумкинлигини аниқлади.

15 февраль куни ХХР Миллий соғлиқни сақлаш қўмитаси ҳайвонларда коронавирусга қарши вакциналарни синовдан ўтказиш бошлагани ҳақида хабар берди. Идора раҳбарининг ўринбосари Цзэн Исин сўзларига кўра, одамларда ушбу препаратни синовдан ўтказиш апрель ойидан кейин бошланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!