Корнелл университетида талабага нисбатан жинсий зўравонлик иши қайта тикланди
АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Корнелл университетида талабага нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик бўйича икки йил аввал тўхтатилган тергов қайта бошланди. Иш доирасида етти нафар талаба гумон қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 8 ноябрь куни 20 ёшли талаба университет полициясига мурожаат қилиб, талабалар бирлашмаси уйида унга нисбатан зўравонлик содир этилганини билдирган. Кейинчалик тергов давомида талабалар ўртасидаги ёзишмалар ҳам аниқланган. Унда қиз бошқа талабаларга «узатилгани» ҳақида хабарлар бўлган.
Мазкур Снапчат гуруҳида 57 нафар эркак бўлган. Хабарларга кўра, уларнинг ҳеч бири воқеага аралашмаган ёки ёрдам чақирмаган.
Прокурор Мэттью Ван Хаутен дастлабки тергов пайтида жабрланувчининг воқеага ихтиёрий розилик бергани ҳақида маълумот берганини айтган. Бироқ қиз ўша вақтда қаттиқ маст бўлганини ҳам билдирган. Шу сабабли тергов тўхтатилган.
Орадан икки йил ўтиб, талаба ишни қайта кўриб чиқишни сўраб судга мурожаат қилган. Шундан сўнг прокуратура терговни қайта бошлаган.
Жабрланувчининг адвокати унинг дастлабки кўрсатмаларини ўша пайтдаги руҳий ҳолати билан изоҳлаган. Унинг айтишича, воқеадан кейин қиз қаттиқ руҳий зарба олган ва содир бўлган ҳодисани тўлиқ англашга қийналган.
Жабрланувчининг даъвосига кўра, зўравонлик бир неча соат давом этган. Гумон қилинувчилар уни алкогол ва кучли таъсир қилувчи модда билан маст қилгани ҳақида даъволар билдирилган.
Гумон қилинувчилар икки йил аввал барча айбловларни рад этган. Университет эса ўз текширувини ўтказганини, айрим талабаларга нисбатан чора кўрилганини ва мазкур талабалар бирлашмаси тарқатиб юборилганини маълум қилган.
Иш бўйича биринчи суд мажлиси 23 октябрга белгиланган.
