Кореянинг Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди

Кореянинг Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди

Жорий йилнинг 11 август куни Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори Ли Чол У бошчилигидаги делегация вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлигига ва вазирлик ҳузуридаги Инновацион ўқув-ишлаб чиқариш INNO технопаркига ташриф буюрди. Губернаторни Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шаҳло Турдиқулова кутиб олди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот котиби хабар берди.

Корея делегацияси Инновацион ривожланиш вазирлиги биносидаги кўргазма ҳамда INNO технопарки фаолияти билан танишиб, вазирлик мутасаддилари билан музокаралар олиб борди.

Ташриф доирасида INNO технопаркида амалга оширилаётган 20 дан ортиқ инновацион маҳсулотлар ва ёшлар томонидан ишлаб чиқилган прототиплар намойиш этилди. Губернатор Ли Чол У технопаркда стартап корхоналар учун яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар келгусида бир қатор ишларни биргаликда амалга ошириш келишиб олинди. Хусусан, INNO технопаркидаги ишлаб чиқариш майдонини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида Кёнгбук ва INNO технопарклари техник кўмак лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишига келишилди.

Шунингдек, INNO технопаркидаги стартап лойиҳаларни акцелерация ва инкубация дастурларини амалга оширишда Кореянинг тажрибали мутахассисларини жалб қилиш масаласи муҳокама этилди. Шу билан бирга Акфа университети ва INNO технопаркида фаолият олиб бораётган иқтидорли ёшларни танлов асосида инновациялар соҳасида тажриба алмашиш учун Жанубий Кореяга малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш масаласига урғу берилди.

Учрашув давомида жорий йилнинг октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этиладиган “InnoWeek-2022» инновацион ғоялар ҳафталигида Жанубий Кореяда муваффақиятли фаолият олиб бораётган стартап корхоналарни ўз маҳсулотлари билан иштирок этишга таклиф этилди.

Ташриф якунида Кореянинг Кёнгбук технопарки ва Еунгнам университети ва Ўзбекистоннинг INNO технопарки ва «АКФА университети» ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!