ЖССТ: Сигарет тутуни ҳар тўрт сонияда бир кишининг ҳаётига нуқта қўймоқда

ЖССТ: Сигарет тутуни ҳар тўрт сонияда бир кишининг ҳаётига нуқта қўймоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кейинги пайтларда сайёрамиз аҳолисини бежиз кашандалик оқибатларидан такрор-такрор огоҳ этаётгани йўқ.

Чунки ҳозир Ер юзида яшовчи 8 миллиард одамнинг 1 миллиард нафардан зиёди — тамаки истеъмол қилувчилар. Улар чекаётган йиллик сигарет миқдори 5 триллион донадан ортади.

Аслида бу — камайиш тенденцияси. Чунки 2000 йилда ўн беш ва ундан катта ёшдаги дунё аҳолисининг учдан бир қисми чекувчи қатламни ташкил этган. Ҳукуматлар томонидан кўрилган чеклов чоралари, тамаки маҳсулотларига жорий этилган юқори солиқлар туфайли мазкур кўрсаткич бешдан бир қисмга озайди.

Аммо ҳозирги статистика ҳам ўта хавотирли. ЖССТ маълумотларига кўра, айни пайтда энг кўп чекувчилар Хитойда яшайди: 1,4 миллиард одамдан деярли 300 миллион нафари тамаки маҳсулотлари истеъмол қилади.

Аҳоли сонига нисбатан чекувчилар улуши борасида энг юқори фоизга эга мамлакат Индонезиядир. Бу ерда 15 ва ундан катта ёшдагиларнинг 62,7 фоизи тамаки тутунига тутқин инсонлар. Умуман, бугун жаҳон бўйлаб чекувчиларнинг 80 фоизи паст ва ўрта даромадли давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ваҳоланки, кашандалик олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларининг биринчи сабаби. Дунёда ҳар 4 сонияда бир киши чекиш оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда.

"Nature" илмий нашрида чоп этилган тадқиқотда ёзилишича, XX асрда 100 миллионга яқин одам бу иллат қурбонига айланган. Мазкур рақамлар ўша мудҳиш Иккинчи Жаҳон уруши пайтида вафот этганлар сонидан ҳам бирмунча зиёд.

XXI асрнинг биринчи ярмида чекиш туфайли яна 450 миллион одам ўлиши тахмин қилиняпти. Бунинг энг кенг тарқалган сабаблари саратон, юрак хуружи, инсульт ва сурункали обструктив ўпка касалликларидир.

Қолаверса, сигаретнинг атроф-муҳитга ҳам зиёни катта. Уларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш йилига 84 миллион тонна карбонат ангидрид (CО2) ҳосил бўлишига олиб келади.

Бундан ташқари, ҳар йили 1 миллион тоннага яқин сигарет қолдиқлари ташлаб юборилади ва уларнинг фильтрлари биологик парчаланмайди. Шунингдек, тамаки етиштириш йилига 22 миллиард тонна сув сарфига, сигарет ишлаб чиқариш эса 25 миллион тонна чиқинди ҳосил қилинишига сабаб бўлади.

‼️ Шу боис, дунё афкор оммаси бу иллатдан халос бўлишнинг энг оқилона йўли битта, деган хулосада. Чекишни ташлаш!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!