ЖССТ: Дунё аҳолисининг 43,1 фоизи неврологик касалликлардан азият чекмоқда

ЖССТ: Дунё аҳолисининг 43,1 фоизи неврологик касалликлардан азият чекмоқда

Неврологик касалликлар — ногиронликни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири. Қолаверса, бундай хасталиклар эрта ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида етакчи ўринларда.

Британияда чоп этиладиган "Lancet Neurology" тиббиёт журналида эълон қилинган мақола айни шу мавзуда. Ундан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иштирокида 1990 йилдан 2021 йилгача ўтказилган кенг кўламли тадқиқот натижалари жой олган.

Қайд этилишича, дунёда 3,4 миллиард киши, бошқача айтганда, Ер юзи аҳолисининг 43,1 фоизи неврологик касалликлардан азият чекмоқда. Бу борада инсульт, неонатал энсефалопатия, мигрен, деманс, диабетик нейропатия, менингит, эпилепсия, аутизм каби хасталиклар улуши юқори.

Тадқиқот давомида ўрганилган бундай касалликлар сони 37 та. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, ушбу патологиялар асоратлари 1990 йилдан 2021 йилгача 11,1 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Хасталиклар тақсимоти ёш тоифасига қараб фарқланади. Масалан, 20 ёшдан 59 ёшгача бўлган беморлар ўртасида инсульт, мигрен ва диабетик нейропатия ташхислари юқори ўринни эгаллайди. 60-79 ёшлилар орасида эса инсульт, Альцгеймер, деманс, диабетик нейропатия билан хасталанганлар сони кўп.

Олимларнинг таъкидлашича, асаб тизими бузилишлари оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлар сафида эркаклар улуши аёлларга нисбатан сезиларли даражада юқори.

Неворологик хасталиклардан энг кўп азият чеккан минтақалар рўйхатида Ғарбий ва Марказий Африка давлатлари пешқадам. Энг паст статистика Австралия, Океания ва Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган юқори даромадли мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Табиийки, мутахассислар бундай кўрсаткичлардан жиддий хавотирда. Хусусан, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус ушбу тадқиқот ҳукуматлар учун диагностика, даволаш ва реабилитация хизматлари сифати ҳамда кўламини ошириш бўйича кучли чақириқ бўлиши кераклигини таъкидлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!