Истанбул мэри қамоққа олинди

Мухолифат тарафдори бўлган Истанбул ҳокими Акром Имомўғли полиция маҳкама биносига олиб келинди, деб хабар тарқатди “CNN Turk” телеканали.
– Уйи тинтув қилинган мэр полиция ҳамроҳлигида суд биносига олиб кетилди, – дея изоҳ берилган ахборотда.
Ўз навбатида шаҳар раҳбари ҳукумат босимига “таслим бўлиш ниятида эмаслиги”ни билдирган.
Бош прокуратура аниқлик киритишича, гумонланувчи коррупцияга алоқадор ташкилот билан боғлиқ иш бўйича қўлга олинган.
– Истанбул Хавфсизлик бошқармаси Молиявий жиноятларга қарши курашиш бўлимига бир вақтнинг ўзида 100 нафар гумондор, жумладан Акром Имомўғли, Мурат Онғун, Тунcай Йилмаз, Фотиҳ Келеш, Эртан Юлдузга нисбатан коррупция, порахўрлик, фирибгарлик ва найрангбозлик билан шуғуллангани учун ҳибсга олиш, қамоқда ушлаш, тинтув қилиш ва мусодара қилиш юзасидан кўрсатма берилди, – дейилган тарқатилган маълумотда.
“Haberturk” телеканали шаҳарда оммавий операция ўтказилаётгани, метро бекати, бир неча марказий кўча ёпилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ижтимоий тармоққа киришда узилиш юз бергани айтилмоқда.
Истанбул университети сешанба куни Имомўғлининг дипломини қайтариб олишга қарор қилган. Аввалроқ Бош прокуратура ушбу олий таълим муассасасига ҳокимнинг бизнес бошқаруви мутахассислиги бўйича олган дипломи ҳақиқийлиги ва қонунийлигини текшириш учун сўров юборган эди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари талабанинг ўқиши Шимолий Кипрдаги университетдан кўчирилиши пайти юзага келган қоидабузарликдан шубҳаланган. Ўша пайт оролдаги таълим даргоҳини Туркия расман тан олмаган эди. Бу ҳақда Имомўғлининг ўзи ҳам гувоҳлик берган.
Истанбул мэри ҳозирча энг кучли мухолиф – Республика Халқ партиясидан президентликка ягона номзод ҳисобланади. Амалдаги етакчи Режеп Таййип Эрдоған яна номзодини қўйса, иккови асосий рақибга айланади. Мамлакат конституциясига кўра, фақат олий маълумотга эга шахс давлат раҳбарлигига даъвогарлик қилиши мумкин.
Ушбу воқеа доирасида Истанбулда 19-23 март оралиғида ҳар қандай турдаги йиғилиш, митинг ва намойиш ўтказиш тақиқланди, деб хабар тарқатди “TGRT Haber” телеканали шаҳар ҳокимлигига таяниб.