Ҳусийлар Саудия Арабистонига янги ҳужумлар уюштирди
Яманнинг шимолий қисмида ҳокимиятни назорат қилувчи «Ансор Аллоҳ» ҳаракати (ҳусийлар) Саудия Арабистони ҳудудидаги бир қатор муҳим объектларга янги ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди.
Ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариа маълум қилишича, ҳужумлар Эр-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти, мамлакат жанубидаги Абҳа аэропорти ҳамда Saudi Aramco компаниясига тегишли нефтьни қайта ишлаш объектига қаратилган.
Унинг сўзларига кўра, операциялар давомида кўп сонли баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланилган.
Ҳусийлар баёнотида Эр-Риёддаги Подшоҳ Холид аэропортига қилинган ҳужум натижасида авиақатновлар вақтинча тўхтатилгани иддао қилинган.
Сарианинг таъкидлашича, иккинчи операция Saudi Aramco компаниясининг Рабиғ шаҳридаги нефтьни қайта ишлаш корхонасига қарши амалга оширилган. Ҳусийлар мазкур объектда ёнғин юзага келганини билдирган.
Учинчи ҳужум эса Абҳа аэропорти, Хамис-Мушайт шаҳридаги авиабаза ва Асир вилоятидаги ҳарбий лагерга қаратилгани айтилган. Шунингдек, Нажрон ва Жизон ҳудудларидаги бошқа муҳим объектлар ҳам нишонга олингани маълум қилинган.
Ҳозирча Саудия Арабистони томони ушбу баёнотлар бўйича расмий изоҳ бермаган. Ҳужумлар натижасида қурбонлар ва етказилган зарар ҳақида мустақил тасдиқланган маълумотлар келтирилмаган.
