Ҳукуқий саводхонлик – коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири
Андижон вилояти судида адлия, прокуратура ҳамда ички ишлар идоралари вакиллари иштирокида коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда айни йўналишда ҳамкорликда бажариладиган вазифалар юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.
Мулоқотда жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш, бунда манфаатдор идоралар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, давлат идоралари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганлиги, жумладан, соҳаларга ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий қилиш орқали инсон омили босқичма-босқич камайтирилаётганлиги ижобий натижа бермоқда.
Давра суҳбатида судлар фаолиятига “Адолат” ахборот тизимларини комплексини татбиқ этиш жараёнлари, адлия идоралари томонидан давлат хизматлари марказларида “сирли мижоз” тадбирларининг ўтказилиши сингари жиҳатларнинг ўзига хос самаралари хусусида фикр алмашилди.
Вилоят судининг раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий судининг раиси Мўйдинжон Салимов, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Сардорбек Расулов, Андижон шаҳри адлия бўлими бошлиғи Озодбек Ғофуров ва бошқалар аҳолининг юқорида тилга олинган масалалардан хабардорлигини ошириш, ўзаро ҳамкорликда одамларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш йўналишидаги вазифалар хусусида ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Ҳуқуқий саводхонлик ва жамоатчилик назорати коррупцияни енгишда энг асосий дастак эканлиги қайд этилди.