Ҳиндистон Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтата оладими?
Ҳиндистон Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар Россия ва Украина билан доимий алоқалар олиб бораётганини ва урушни тинч йўл билан якунлаш бўйича дипломатик ҳаракатларни амалга ошираётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, сўнгги ойларда Ҳиндистон аввалгидан фаолроқ иштирок эта бошлаган ва фақат урушни тўхтатишга чақириш билан чекланиб қолмаяпти.
Аввал Ҳиндистон ҳарбий ҳаракатларни тугатишга чақирган, бироқ Россияни, жумладан БМТда ҳам, очиқ танқид қилишдан ўзини тийиб келган. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Владимир Путинни можарони тўхтатишга чақирган эди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ҳам Ҳиндистоннинг тинчлик ўрнатиш жараёнидаги роли ошиб бораётганини ижобий баҳолаган.
Унинг маълум қилишича, Ҳиндистон урушни тўхтатиш бўйича таклиф киритган тўрт давлатдан бири ҳисобланади. Бу таклифларда томонларнинг энергетика инфратузилмасига ҳужумларни ўзаро тўхтатиши ҳамда Қора денгизда нормал кемачиликни тиклаш масалалари кўзда тутилган.
Сибига Ҳиндистон таклифини «қамровли» деб атаган, аммо унинг аниқ тафсилотларини ошкор қилмаган.
