Германия ҳам 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлайдими?
Германияда аҳолининг кўпчилиги 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни қўллаб-қувватламоқда.
Германияда Австралия тажрибаси асосида 16 ёшгача бўлган бола ва ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бормоқда. INSA институти томонидан BILD нашри учун ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 60 фоизи бундай тақиқ тарафдори. Қарши бўлганлар — 24 фоиз, яна 16 фоиз эса бефарқ эканини ёки жавоб беришга қийналганини айтган.
Ташаббус айниқса «Яшиллар» партияси тарафдорлари орасида катта қўллаб-қувватловга эга — 71 фоиз. ХДС/ХСС тарафдорларининг 70 фоизи, СДПГ сайловчиларининг эса 69 фоизи тақиқни маъқуллаган. АдГ ва СвДП электорати орасида қўллаб-қувватлаш нисбатан пастроқ бўлиб, ҳар иккисида ҳам 57 фоиз «тарафдор» деб жавоб берган.
Ёш бўйича ҳам сезиларли фарқ мавжуд: 30 ёшдан катта аҳоли орасида тақиқни қатъий кўпчилик қўллаб-қувватламоқда. 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида эса фикрлар деярли тенг: 40 фоиз — «тарафдор», 37 фоиз — «қарши».
«16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни қўллаб-қувватлаётганлар аҳолининг кўпчилигини ташкил этмоқда, ҳатто ёшлар орасида ҳозирча бу қадар қўллаб-қувватлов бўлмаса ҳам», — деди INSA раҳбари Германн Бинкерт BILD нашрига берган изоҳида.
Австралия эса бу йўлдан аллақачон борди: жорий ҳафтадан бошлаб у ерда 16 ёшгача бўлган бола ва ўсмирларга TikTok, Instagram, Facebook, YouTube, Snapchat, X ва бошқа платформаларда аккаунт очиш тақиқланган. Компаниялар фойдаланувчилар ёшини текшириши ва вояга етмаганларнинг мавжуд аккаунтларини ўчириб ташлаши шарт. Қоидалар бузилган тақдирда 50 миллион Австралия долларигача жарима солиниши мумкин.
