“Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз — Шавкат Мирзиёев

“Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз — Шавкат Мирзиёев

Айни дамда Президентликка ЎзЛиДЕПдан номзод Шавкат Мирзиёев ўз дастури билан таништирмоқда.

"Аҳолимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш учун, ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга соламиз.

Бунинг учун, 2030 йилга қадар:

- оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш;
- онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса, 2,5 баробар камайтириш асосий вазифамиз бўлади.

Бунда:

- 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар д́иабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб оламиз;

- “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз;
- “туберкулёз” билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришамиз (2016 йилда 43 нафар бўлган).

Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади.

Бу орқали, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатлари бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади.

Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!