FT: ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадни Украинага ўтказиши мумкин

FT: ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадни Украинага ўтказиши мумкин

Европа Иттифоқи Белгиянинг Euroclear марказида сақланаётган қарийб 200 миллиард евро миқдоридаги музлатилган Россия активларидан Украинага фойда жўнатиш масаласини муҳокама қилмоқда, деб ёзади Financial Times ЕИ расмийларига таяниб.

Бундай ҳаракат активларнинг ўзини экспроприация қилишга олиб келмайди, балки Ғарбнинг Россияга молиявий босимининг кучайишини англатади, дея таъкидлайди газета.

Белгия ҳукумати маълумотларига кўра, Россияга қарши жорий этилган санкциялар натижасида Россиянинг Euroclearʼдаги 196,6 миллиард евролик активлари музлатиб қўйилган, шундан 180 миллиарди Марказий банкнинг активларидир.

Euroclear ушбу активларни қайта инвестиция қилади ва шу билан қўшимча фойда келтиради. Юқори фоиз ставкалари ва санкциялар туфайли катта миқдорда маблағ тўпланиши туфайли ҳисоб-китоб палатаси рекорд даражадаги фойда кўрмоқда, деб ёзади FT.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Euroclear Россияга қарши санкциялар остидаги активлардан нақд пул қолдиқлари бўйича 734 миллион евро фоиз тўлагани ҳақида хабар берди.

“Ушбу фоизлар кимга тегишли экани тўлиқ номаълум, – деди нашрга мунозаралардан хабардор шахс.–Ушбу фоизлардан Украина манфаати йўлида фойдаланиш номаълум ҳудуд, аммо биз буни амалга ошириш мумкинлигига ишонамиз”.

Баъзи расмийларнинг фикрича, худди шундай ёндашув Россиянинг музлатилган активлари, жумладан, Люксембургдаги Clearstream ҳисоб-китоб марказида қолиб кетган активларга нисбатан қўлланилиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!