"Европада атом энергиясини қисқартириш катта хато бўлди"
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европада атом энергиясини қисқартириш стратегик хато бўлганини айтди, деб хабар беради DW.
«Сўнгги йилларда дунёда атом энергетикасининг қайта жонлана бошлаганини кўриб турибмиз. Европа ҳам ушбу янгиланишнинг бир қисми бўлишни истайди”, — деди Урсула фон дер Ляйен Париж яқинида бўлиб ўтган ядро энергетикаси бўйича саммитда.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи саноат ва аҳолини арзон ва экологик тоза энергия билан таъминлаш мақсадида ядро энергетикасини ривожлантиришни рағбатлантиряпти.
«Шунинг учун бугун биз кичик модулли реакторлар учун янги Европа стратегиясини таклиф қиляпмиз. Бизнинг мақсадимиз оддий: бу янги технология 2030 йилларнинг бошига келиб Европада қўллашга тайёр бўлиши керак”, — деб таъкидлади фон дер Ляйен.
Унинг сўзларига кўра, Европа янги авлод ядро энергиясининг глобал марказига айланиши керак.
Бироқ амалда ҳозирча «қайта жонланиш» кузатилмаяпти. World Nuclear Industry Status Report маълумотларига кўра, ўтган йили дунёда умумий қуввати 4,4 ГВт бўлган тўртта янги реактор ишга туширилган. Уларнинг иккитаси Хитойда, биттаси Ҳиндистонда ва яна биттаси Россияда жойлашган. Шу билан бирга, умумий қуввати 2,8 ГВт бўлган еттита реактор эса фойдаланишдан чиқарилган.
Ҳозирги пайтда бутун Америка қитъасида бирорта ҳам тижорат атом реактори қурилмаяпти.
Европа Иттифоқида эса қурилиши давом этаётган ягона объект — Словакиядаги Моховце-4 реакторидир. Унинг қурилиши 1985 йилда бошланган.
