Европа — ухлаб ётган гигантдир — Буюк Британия бош вазири
"Бизнинг умумий иқтисодиётимиз Россия иқтисодиётидан ўн баравар юқори. Бизда улкан мудофаа салоҳияти мавжуд. Бироқ жуда кўп ҳолларда бу имкониятлар йиғиндиси кутилган натижани бермаяпти", — дея фикр билдирди Кир Стармер Мюнхен хавфсизлик конференциясида.
Буюк Британия бош вазирининг бошқа баёнотлари:
◾️ Европада 20 дан ортиқ турдаги ўртача ўлчамли жанговар кемалар ва қарийб 10 турдаги қирувчи самолётлар мавжуд. Бизда 10 дан ортиқ асосий жанговар танк турлари бор. Ҳолбуки, АҚШда бундай техниканинг атиги битта тури мавжуд ва у анча самарасиз;
◾️ Биз ҳарбий қудратимизни мустаҳкамлашимиз керак, чунки ҳозирги даврда айнан ҳарбий куч асосий “валюта” ҳисобланади;
◾️ Биз тажовузни жиловлай оладиган даражада кучли бўлишимиз шарт. Зарурат туғилса, халқимизни, қадриятларимизни ва турмуш тарзимизни ҳимоя қилиш учун курашишга ҳам тайёр бўлишимиз лозим;
◾️ Россия Украина ҳудудига бостириб кириб, катта стратегик хатога йўл қўйгани ҳақиқат. Россиянинг бу урушдаги йўқотишлари сони миллиондан ошгани айтилмоқда;
◾️ Уруш давом этаётган бир пайтда ҳам Россия қайта қуролланмоқда, ўз қуролли кучлари ва саноат базасини тикламоқда;
◾️ Ҳатто Украина бўйича тинчлик келишуви тузилган тақдирда ҳам, Россиянинг қайта қуролланиши эҳтимол янада тезлашади. Европа учун кенгроқ таҳдид тугамайди, аксинча кучаяди. Шунинг учун биз бу таҳдидга тўлиқ жавоб қайтаришимиз зарур;
◾️ Европасиз Буюк Британия хавфсизлиги бўлмайди, Буюк Британиясиз эса Европа хавфсизлиги бўлмайди;
◾️ АҚШ ўрнини босиб бўлмайдиган иттифоқчи бўлиб қолмоқда. Сўнгги 80 йил давомида Вашингтоннинг Европа хавфсизлигига қўшган ҳиссаси тенгсиз;
◾️ АҚШ Миллий хавфсизлик стратегияси Европа ўз мудофааси учун асосий масъулиятни зиммасига олиши кераклигини аниқ кўрсатмоқда. Бу — янги норма;
◾️ Қўшма Штатларнинг барча имкониятларини тўлиқ алмаштира оламиз деб ўзимизни ишонтириш ўрнига, биз диверсификация қилиш ва қарамликни камайтиришга эътибор қаратишимиз зарур;
◾️ NATO'нинг барча аъзоларига шуни айтаман: алянс низомининг 5-моддасига бўлган садоқатимиз аввалгидек қатъий. Зарурат туғилса, Буюк Британия бугуноқ сизларга ёрдамга боради;
◾️ Буюк Британия жорий йилда HMS Prince of Wales авиаташувчиси бошчилигидаги зарба гуруҳини Шимолий Атлантика ва Арктика ҳудудларига юборади. Ушбу авиаташувчи АҚШ, Канада ва NATO'даги бошқа иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳаракат қилиб, евроатлантика хавфсизлигига содиқлигимизни намойиш этади;
◾️ Биз Франция билан ядровий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаяпмиз;
◾️ Ўнлаб йиллар давомида Буюк Британия Европадаги ягона ядровий давлат бўлиб, ўзининг тийиб туриш салоҳиятини NATO'нинг барча аъзоларини ҳимоя қилиш учун қўллаш мажбуриятини олган эди. Энди эса ҳар қандай рақиб инқироз юзага келган тақдирда бирлашган кучимизга дуч келишини билиши керак.
