Етим болаларга уй бериш тартиби ўзгармоқда

Етим болаларга уй бериш тартиби ўзгармоқда

Ота-она меҳридан маҳрум бўлиб улғайган бола вояга етгач, жамиятда ўз ўрнини топиши учун унга керак бўладигани етарли таълим, касб-ҳунар ва иш билан таъминланишдир. Аммо, яна бир муҳим жиҳат борки, бу давлатнинг алоҳида ресурсларини ҳамда ўта шаффоф ва адолатли тизим бўлишини талаб қилади.

Гап етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга уй-жой бериш тизими ҳақида бормоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган селекторда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масалага атрофлича тўхталиб, бир қатор топшириқлар берди ва тизим тубдан қайта кўриб чиқилишини айтди.

Бунда:

✔️ “Инсон” марказлари томонидан ҳақиқатда уй-жойга муҳтож ёшлар рўйхати шакллантирилади;

✔️ уларга бериладиган уй-жойнинг нархи бозор баҳосидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида белгиланади.

Ҳозирда ҳудудидан қатъи назар, 1 хонали (25 квадрат метр) уй учун 132 миллион сўм ажратилаяпти. Лекин, бу нархга уй-жой деярли йўқ.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда бу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар 140 миллиард сўмга етказилади (ўтган йили вилоятларга 72 миллиард сўм берилган).

Вилоят ҳокимлари 1 июнга қадар навбатда турган 500 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлашга шахсан масъул этиб белгиланди.

Бунда, ҳокимлар – етим болалар учун уй-жой топиш ва уларни жойлаштиришга, Ижтимоий ҳимоя агентлиги эса, уй-жой сотиб олишни молиялаштиришга масъул бўлади.

Ушбу масала ота-онасиз улғайган, энди эса яшашга жойи бўлмаган ёшлар учун энг долзарб муаммога айланган. Шу сабабли, уни асло ортга суриш мумкин эмас.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!