Эронда туркий халаж тили йўқ бўлиб кетиш хавфи остида

Эронда туркий халаж тили йўқ бўлиб кетиш хавфи остида

Туркий тилларнинг ўғуз тармоғига мансуб халаж тили Эроннинг номоддий миллий мерос рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Эроннинг IRNA расмий ахборот агентлиги хабар берди.

Халаж тили Эроннинг Марказий вилоятида кенг тарқалган. Марказий вилояти Маданий мерос бўйича директор ўринбосари Ҳусайн Маҳмудий сўзлашувчилар сони чеклангани сабабли халаж тили жиддий хавф остида эканини таъкидлади.

Бошқарма вакили ҳукуматнинг тилни йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолиш бўйича аниқ режалари бор-йўқлигига аниқлик киритмади. Шу билан бирга, халаж тили билан боғлиқ халқ оғзаки ижоди, жумладан, мақол, шеър ва топишмоқларни миллий мерос сифатида қайд этиш ушбу муҳим маданий бойликни асраб-авайлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Маҳмудий, шунингдек, Талҳаб шаҳри ва Марказий вилоятининг Фарахон, Аштиян, Тафреш ва Арак туманларидаги айрим қишлоқларда халаж тилида сўзлашувчилар борлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда энг қадимги туркий тиллардан бири бўлган халаж тили йўқ бўлиб кетиш арафасида бўлиб, ундан оз сонли одамлар фойдаланади.

Халаж тилини ҳимоя қилиш ва сақлаш фаоли Алиаскар Жамросий 2019 йилда Эрон оммавий ахборот воситалари билан суҳбатда Эронда 19 минг киши халаж тилида сўзлашишини айтган эди. У бундан 50 йил аввал 42 минг она тилида сўзлашувчи бўлганини, айни пайтда у йўқолиб бораётган тиллардан бири эканини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!