Эронда 18 ёшдан катта фуқароларга 10 минг долларгача валюта сотиш бошланди
Бугундан бошлаб Эронда хорижий валюта бозорини тартибга солиш мақсадида мамлакатнинг 4 та банки — «Меллат», «Тежорат», «Содирот» ва «Саман» банкларида хорижий валюта сотуви бошланди.
Эрон Марказий банки маълумотига кўра, бугундан бошлаб 18 ёшдан катта бўлган барча Эрон фуқаролари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиб, 10 минг долларгача бўлган валюта эҳтиёжини қондириши мумкин.
Эрон Марказий банки ушбу дастур доирасида 2 миллиард долларгача валюта ажратишни режалаштирмоқда. Дастлабки босқичда 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағ банклар ва банкларга тегишли валюта айирбошлаш шохобчалари орқали мижозларга сотилмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда Эронга нисбатан турли чекловлар ва санкциялар жорий этилиши, шунингдек, иқтисодий муаммолар сабаб Эрон риалига нисбатан хорижий валюталар қиймати сезиларли даражада ошган.
Эрон Марказий банки томонидан бугун учун белгиланган расмий курсга кўра, мамлакатда 1 АҚШ доллари 1,75 миллион риал, 1 евро 2,31 миллион риал, 1 Озарбайжон манати эса 1,03 миллион риални ташкил этмоқда.
Айни пайтда қора бозорда 1 АҚШ доллари 2,63 миллион риал, 1 евро 2,96 миллион риал ва 1 Озарбайжон манати 1,56 миллион риалдан сотиб олинмоқда ва сотилмоқда.
