Эрон Марко Рубио билан тарихий баҳсга киришди
Эрон расмийлари АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан тарих масаласида билвосита баҳсга киришди. Бунга Рубионинг Грециядаги чиқиши сабаб бўлди. У ўз нутқида Ғарб узоқ давом этган уйқудан уйғониб, минг йиллар аввал Қадимги Юнонистонда ёқилган оловни яна алангалатиши мумкинлигини айтган.
Рубио грек-форс урушларини ёдга олиб, Ахамонийлар подшоҳи Ксеркснинг сон жиҳатдан устун қўшинига қарши жанг қилган афиналикларнинг жасоратини юқори баҳолади. Бироқ унинг 300 спарталикни Аламони ҳимоя қилган америкалик аскарларга қиёслаши Эронда кескин норозилик уйғотди.
АҚШ Давлат котиби ўз нутқида Ғарб қаҳрамонлари энг оғир вазиятларда ҳам бурчига содиқ қоладиган инсонлар эканини таъкидлади. У бундай жасоратни ўлимни улуғлашдан фарқлаш кераклигини айтиб, Эроннинг радикал муллаларини бола-ўзини қурбон қилувчиларни миллий қаҳрамон сифатида кўрсатишда айблади.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф эса тарих давомида эронликлар ўзини бутун дунёнинг ҳукмдори деб билган ва қадимий цивилизацияларни йўқ қилишга интилган кучларга қарши курашиб келганини билдирди.
Унинг таъкидлашича, ўзини Искандар Зулқарнайнга қиёслайдиган ҳар қандай шахс ҳам Рим императори Валериан тақдирини бошдан кечириши мумкин. Валериан милодий III асрда Сосонийлар ҳукмдори Шопур I томонидан мағлуб этилган ва асирга олинган эди.
Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби, генерал-майор Муҳсин Ризоий ҳам Рубионинг баёнотларига муносабат билдирди. Унинг айтишича, Эрондан мағлубиятга учрагани ва таҳқирлангани ҳақидаги тасаввурдан келиб чиқиб, «цивилизациялар тўқнашуви» ғоясини илгари сураётганлар Валерианнинг тарихини ёдда тутиши керак.
«Тарихга мурожаат қилган инсон унинг такрорланишига ҳам тайёр бўлиши лозим», — дея огоҳлантирди Ризоий.
Эрон олий раҳбари халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятӣ эса Рубио нутқидаги зиддиятга эътибор қаратди. Унинг фикрича, Ғарб манфаатларига мос келганда «сўнгги инсонгача қаршилик кўрсатиш» қаҳрамонлик сифатида талқин қилинади, аммо Эрон халқининг қаршилиги «ўлимга сиғиниш» деб қораланади.
Вилоятӣ бундай ёндашувни цивилизация белгиси эмас, балки ҳукмронликни оқлашга хизмат қилувчи сохта мантиқ деб атади. Унинг таъкидлашича, Вашингтоннинг баҳси фақат Ислом инқилоби билан эмас, балки кучли ва мустақил Эрон цивилизацияси билан ҳам боғлиқ.
Эронлик сиёсатчи Хиросима, Вьетнам, Ироқ ва Афғонистондаги фожиалар учун масъул бўлган кучлар бошқаларга ахлоқий насиҳат қилишга ҳақли эмаслигини ҳам билдирди.
Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси раиси Эброҳим Азизий ҳам АҚШни танқид қилди. Унинг таъкидлашича, маҳаллий халқларни оммавий қириб ташлаш билан бошланган ва мустамлакачилик сиёсати ҳамда қон тўкишни давом эттирган миллат Ахамонийлар давлатини жиноятларда айбламоқда.
Азизий бу ўринда Эрон томони биринчи инсон ҳуқуқлари хартияси деб ҳисоблайдиган, Кир II фармонини назарда тутди. Ушбу ҳужжатда империя аҳолисига эътиқод эркинлиги берилгани таъкидланади.
«Сизнинг ёвуз табиатингиз Эрон ва эрон халқига нисбатан чуқур илдиз отган душманликни яшириб турибди», — деди Азизий.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Рубионинг баёнотларига расман муносабат билдирди. Вазирлик расмий вакили Эсмоил Бағоий АҚШ Давлат котибини Америка қудрати ва ҳарбийлашув сиёсатини оқлаш мақсадида Қадимги Юнонистон тарихини бузиб талқин қилишда айблади.
