Душанбеда Ўзбекистон-Тожикистон биринчи Ректорлар форуми бўлиб ўтди

Душанбеда Ўзбекистон-Тожикистон биринчи Ректорлар форуми бўлиб ўтди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброхим Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация 13-15 март кунлари амалий ташриф билан Тожикистонда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида Ўзбекистон-Тожикистон биринчи Ректорлар форуми бўлиб ўтди.

Форум иштирокчилари ушбу тадбир икки давлат раҳбарларининг ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари ҳамда стратегик шерикликнинг яна бир мисоли сифатида ташкил этилганини алоҳида таъкидладилар.

Анжуманда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилдаги Тожикистонга тарихий ташрифидан сўнг икки давлат ўртасидаги барча соҳаларда бўлгани каби таълим жабҳасида ҳам янги саҳифа очилганини алоҳида қайд этишди. Хусусан, Ўзбекистон-Тожикистон Биринчи ректорлар форуми узоқ кутилган тадбирлардан бири эканлиги ҳамда ушбу тадбир университетлар ўртасида янги лойиҳаларни амалга оширишга ҳизмат қилиши таъкидланди.

Анжуман доирасида U2U шаклида ректорлар музокаралари ташкил этилди. Бўлиб ўтган музокаралар якунида 28 та Англашув меморандуми ва битимлар имзоланди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида, шунингдек, ушбу мамлакат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ўтказди.

Тадбирда мамлакатимиз элчиси Эргаш Шаисматов Ўзбекистон Конституциясини ислоҳ қилишдаги тўртта устувор йўналишлар ҳақида маълумот берди. Жорий йилнинг 9-10 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала муҳокама қилингани маълум қилинди.

Бўлажак референдум юксак демократик мезонлар асосида ўтишига катта ҳажмда тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилган ҳолда ватандошлар ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга даъват қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!