Дунёнинг энг бой одамлари умрни узайтиришга сармоя киритмоқда

Силикон водийда узоқ умр кўриш саноати қизғин инвестиция йўналишига айланди. 2025 йилга бориб, бу соҳанинг ҳажми 578 миллиард еврога етиши кутилмоқда. Унинг ривожида етакчи ролни супербой инсонлар ўйнамоқда. Швейцариянинг УБС банки маълумотларига кўра, 48 миллион евродан ортиқ бойликка эга инсонлар қўшимча 10 йил умр эвазига ўз бойликларининг ярмидан воз кечишга тайёр.
Шундай одамларнинг бири – 47 ёшли тадбиркор ва биохакер Браян Жонсон бўлиб, у ҳар куни 50 дан ортиқ турли дорилар қабул қилади, ёш ўғлининг қон плазмасини ўзига киритади, юрак ритми ва мия фаоллигини доимий равишда кузатиб боради ҳамда қариш жараёнига қарши курашишда унга ёрдам берадиган 30 нафар мутахассисдан иборат жамоани молиялайди. Бу жараён унга йилига 1,9 миллион еврога тушади.
Amazon асосчиси Жефф Безос Altos Labs биотехнология компаниясига 2,9 миллиард евро сармоя киритган. Ушбу стартап организм ҳужайраларини қайта дастурлаш орқали қариш жараёнини тўхтатиш ёки ҳатто орқага қайтаришни мақсад қилган. PayPal ҳаммуассиси Питер Тил эса Methuselah фондига 6,5 миллион евро ажратган. Ушбу фонд ҳам қаришни тадқиқ қилиш билан шуғулланади. OpenAI раҳбари Сем Альтман Retro Biosciences лойиҳасига маблағ киритмоқда. Айтилишича, у Давосдаги Жаҳон Иқтисодий Форумида фаол равишда янги инвесторларни қидирган.
Longevity Investors ҳаммуассиси Марк Бернеггер миллиардерлар, олимлар ва тадбиркорларни бирлаштириб, узоқ умр кўриш саноатини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. У шундай дейди:
«Мен ўзимни бахтли ва соғлом ҳис қилганимча яшашни хоҳлайман. Илмий нуқтайи назардан, 90–120 йил яшаш мутлақо реал.»
Бу каби инвестициялар бутун инсоният келажагини ўзгартирадими ёки йўқ – буни вақт ва маблағ ҳал қилади, деб хулоса қилади Bild нашри.