Дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби маълум бўлди

Дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби маълум бўлди

Яқинда The Lancet Planetary Health журналида эълон қилинган глобал ўлим ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига оид тадқиқотга кўра, ҳар йили 9 миллионга яқин одам ҳаво, тупроқ ва сув ифлосланишидан нобуд бўлади.

Тадқиқотчилар ифлосланишни касаллик ва эрта ўлим бўйича дунёдаги энг катта экологик хавф омили деб атади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили дунёда ҳар олтинчи ўлимга шу сабаб бўлади. Бундан ташқари, атроф-муҳит ифлосланишининг турли шакллари туфайли 2015 йилда жаҳон иқтисодиёти 4,6 триллион доллар йўқотди (жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 6,2 фоизи).

Олимларнинг ёзишича, қашшоқлик билан боғлиқ уй хўжаликларининг ифлосланишидан ўлим ҳолатлари камайганига қарамай, атмосфера деградацияси ва қўрғошин каби заҳарли кимёвий моддалардан ифлосланишдан ўлим ҳолатлари сезиларли даражада ошган.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳаво ифлосланиши ҳар йили 6,5 миллиондан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлади, қўрғошин ва бошқа кимёвий моддалар эса ҳар йили 1,8 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлади. Бу кўрсаткич 2015 йилдан буён 7 фоизга, 2000 йилдан буён эса 66 фоиздан кўпроққа ўсди.

Бу, биринчи навбатда, назоратсиз саноатлаштириш ва урбанизация оқибатлари билан боғлиқ. Тадқиқотчилар, шунингдек, аҳоли сонининг кўпайиши, қазиб олинадиган ёқилғиларнинг ишлатилиши ва «кимёвий моддалар бўйича тегишли миллий ва халқаро сиёсат»нинг йўқлиги атроф-муҳит ифлосланишидан ўлим ҳолатларининг кўпайишига сабаб эканини кўрсатди. Тадқиқотда қайд этилишича, ифлосланиш билан боғлиқ ўлимларнинг катта қисми – 90 фоизи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда содир бўлади.

«Атроф-муҳитнинг ифлосланиши инсон ва сайёралар саломатлигига экзистенциал таҳдид бўлиб, замонавий жамият барқарорлигига таҳдид келтириб чиқаради», деб хулоса қилади олимлар. «Биз қозонда ўтириб, аста-секин ёниб кетяпмиз», деб ёзган тадқиқот ҳаммуаллифи ва глобал Pure Earth нотижорат ташкилоти раҳбари Ричард Фуллер.

Ўз таҳлилларида олимлар маиший чиқиндилар ёки канализация каби анъанавий ифлослантирувчи жиҳатни замонавий саноат ифлосланишидан ажратиб олди. Тадқиқотда айтилишича, анъанавий ифлослантирувчи моддалардан ўлим дунё бўйлаб камайиб бораётган бўлса-да, улар Африкада асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

Чад, Марказий Африка Республикаси ва Нигерда кўпчилик одамлар сув ва тупроқ ифлосланишидан нобуд бўлади. Эфиопия ва Нигерияда 2000 йилдан 2019 йилгача бу ўлим даражаси учдан бир қисмга камайди.

Тадқиқот муаллифлари атроф-муҳитнинг ифлосланишидан ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича саккизта тавсияни илгари сурди, бунда мониторингни яхшилаш, ҳисоботларни такомиллаштириш ҳамда саноат ва автомобиль транспортини давлат томонидан қаттиқроқ тартибга солиш зарурлиги таъкидланди. «Биз бу муаммоларнинг ҳар бирини қандай ҳал қилишни биламиз. Фақат сиёсий ирода етишмаяпти», деб ёзади Фуллер.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!