Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди

Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди

2022-йил 11-май куни Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Санжай Верма бошчилик қилди.


Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳолати ҳамда ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Олий даражада эришилган келишувлар доирасида икки томонлама ва кўп томонлама тадбирларнинг амалга оширилиши алоҳида кўриб чиқилди.

Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди. Қайд этилганидек, парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш умумий кун тартибидаги барча соҳалардаги алоқаларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Иқтисодий дипломатияни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни, жумладан, саноат кооперациясини амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

БМТ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг алоҳида жиҳатлари таҳлил қилинди.

Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, “яшил” тараққиёт, шунингдек, илм-фан ва таълим йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Маданий-гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини кўпайтириш юзасидан таклифлар ўрганилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини тегишли ва амалий аҳамиятга эга ҳужжатлар орқали кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!