Cаида Мирзиёева ота-онасининг фарқи, энг кучли томони ва сарой интригалари ҳақида гапирди
Саида Мирзиёева ҳар доим «характерли» инсон бўлганини ва етакчилик қобилиятларига эга эканини айтиб берди.
«Менинг характерим доим кучли бўлган, доим етакчиликка ва юқори мақсадларга интилганман. Дадам мени болалигимдан ўзини ҳурмат қилдирадиган шахс қилиб тарбиялаган. „Саида айтдими — тамом, бажарилиши керак“, деган гап бўларди. Шунинг учун ҳамма менга қулоқ соларди. Ҳатто ойим ҳам мен билан ҳисоблашади. Ойим ҳазиллашиб айтадиларки: „Сен туғилганингдаёқ танқидий кўз билан қарардинг. Гўёки туғилибоқ камчиликларимизни пайқаб, бизни яхшироқ қилишга уринаётгандек эдинг“», — деди у.
Ота-онаси ҳақида гапирар экан, Саида Мирзиёева онаси ва отасининг характеридаги фарқни мувозанат сифатида қабул қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, отаси — доминант эркак, онаси эса меҳр, муҳаббат ва харизмани ўзида мужассам этган кучли аёллик энергиясидир. Унинг фикрича, айнан шу нарса «идеал жуфтлик»ни ҳосил қилади.
Президент администрацияси раҳбари ўзининг кучли томонлари ҳақида гапириб, одамларни танлай олиш қобилиятини тилга олди: «Характеримнинг энг кучли қирраси? Мен одамларни танлашни биламан. Менимча, бу интуитив қобилият. Менимча, бу — истеъдод. Ишонаманки, туғилишимизда Худо мақсадларга эришишимиз учун бизни маълум истеъдодлар билан таъминлайди. Ва у менга мана шуни ҳадя этган ва мен ундан фойдаланаман».
Заиф томонлари ҳақидаги саволга Саида Мирзиёева «характерида ёмон қирралар» бор деб ҳисобламаслигини айтди. У ўзига нисбатан ўта талабчан эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу сифат бир вақтнинг ўзида ҳам ютуқ, ҳам камчилик бўлиши мумкин, чунки доимий ички назорат ва ўзи учун ўрнатган қатъий рамкалар билан яшаш баъзан осон эмас.
«Сарой интригалари»
«Сиз сарой интригаларига қандай қарайсиз? — деб сўради интервью давомида Кирилл Альтман. — Сир эмаски, бу ерда ҳам шунақа…»
«Эшитинг, бу — „сарой“ ҳаётининг бир қисми. Улар доим бўлган ва бўлади. Биз охиргиси ҳам, биринчиси ҳам эмасмиз. Бу — нормал ҳолат. Мана шу ерда донолик, характер ишга ярайди», — деди у.
