Cаҳарликка ухлаб қолса рўза қабул бўладими?

Cаҳарликка ухлаб қолса рўза қабул бўладими?

Савол: Бир куни мен кечаси ухлаб қолдим. Саҳарликка ҳам турмадим, ҳатто, Аллоҳ кечирсин, қуёш чиққандан сўнг уйғонибман. Рўзага шунда ният қилиб олдим, ўша кунги рўзам дуруст бўладими?

Жавоб:  Ўша кунги рўзангиз шаръан жоиздир. Бизнинг мазҳабимиз ҳукми шундай.

Чунки, шак кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бир аъробий келиб, гувоҳлик бериб, мусулмонлигини тасдиқлаб, Рамазоннинг ҳилолини кечқурун оқшомда кўрганлигини айтади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга одамларга хабар етказишини ва рўзага ният қилиб, рўза тутишни бошлашларини уқтирадилар. Буни тўртта сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Ҳали Рамазон рўзаси фарз бўлмасдан аввал, Ашуро куни рўза тутилар эди. Шунда чошгоҳ пайтида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга «Кимки еб-ичган бўлса, кечгача еб-ичмай турсин. Кимки шу пайтгача еб-ичмаган бўлса, рўза тутсин» деб буюрганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилганлар.

Аммо доим шундай қилавериш (яъни, тонг отгандан ёки қуёш чиққандан сўнг рўзага ният қилиш) ярамайди. Чунки, бошқа мазҳабларда бу нарса асло жоиз эмас. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деганлар:

من لم يجمع الصيام قبل الفجر فلا صيام له

«Кимки рўзасини тонгдан аввал жам қилиб, қасд қилиб олмаса, унинг рўзаси йўқдир»

Абу Довуд ва Термизий лафзи. Ибн Можа ва Насоийлар ҳам шу маънодаги ҳадисни ривоят қилганлар.

Рамазондан бошқа рўзаларни (каффорат ва мутлақ назр рўзалари ҳамда Рамазоннинг қазосини) кечаси ният қилиш ва қайси рўза эканлигини тайин қилиш шартдир.

Бирор сабаб билан, масалан ухлаб қолиб, қолдирилган намознинг қазосини ўқиш лозим ва лобуддир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!